Линклар

Ўзбекистонни 2004 йилда ким қандай кўради?


Шайбон Дунёдаги барча халқлар сингари ўзбеклар ҳам янги йилни эзгу ниятлар билан қарши олади. Ушбу байрам арафасида “Озодлик” мухбири сиёсий мухолифат аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил кузатувчилар билан учрашиб, уларнинг мамлакатни 2004 йилда қандай кўришни исташлари билан қизиқди.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат жамияти раисаси Тамара Чекунова: “Мен янги йилда мамлакатда ўлим жазосига мораторий жорий этилишини хоҳлайман. Ўзбек ҳукумати биз билан бу масалада мулоқотга киришишини истайман. Янги йилда ўлим жазоси бўйича барча маълумотлар ошкор қилинсин, токи халқ “қачон, қаерда, нима сабабдан” каби саволларга жавоб топа олсин”.

“Ҳьюман райт уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер: “Келаётган йилда инсон ҳуқуқлари паймол этилиши ва фуқароларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши бас қилинишини истайман”.

“Демократик ташаббус” нодавлат маркази раиси Искандар Худойберганов: “Халқимиз янги йилда ўзининг энг олий ҳуқуқи - эркин фикр изҳор этиш имкониятига эга бўлишини, миллатимизнинг ҳақиқий ўғил-қизлари озодликка чиқишини истардим. Ўз ватанидан йироқда бўлган юртдошларимиз ота маконларига қайтиб, эркин ҳаёт кечириш имконига эга бўлишини жуда-жуда хоҳлардим”.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус маркази раиси Суръат Икромов: “Аввало, одамлар кўпроқ эркинликка эга бўлишларини, уларнинг ҳуқуқлари паймол этилмаслиги ва диний эътиқоди учун қамоққа ташланган маҳбусларнинг озод қилинишини истардим”.

“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси Дилором Исҳоқова: “Янги йилда Ўзбекистонни ҳақиқатда мустақил кўришни истардим. Бундан 12 йил илгари эълон қилинган мустақиллик ниҳоят юртимизга келишини хоҳлардим”.

“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши раиси Отаназар Орипов: “Янги йилда, энг аввало, давлат органлари, уларнинг мулозимлари Конституциянинг жуда кўплаб моддаларни бузиб келаётганликларини зора англаб етса, деган умиддаман. Айниқса, мухолифат ва жамоат ташкилотларига муносабатда Конституциянинг 58 ва 62-моддаларни бузишни тўхтатса керак, деб умид қиламан”.
“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турғунов: “2004 йилда халқ ҳақиқий озодликка чиқишини, қашшоқлик йўқолиши, сўз ва эътиқод эркинлиги таъминланишини, фуқароларимиз қўрқувни енгишини истардим”.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубов: “Ўзбекистон ҳукумати охир-оқибат ҳақиқатнинг кўзига тик қарайди, деган умидим бор. Сиёсий ва диний эътиқоди учун қамоққа олинган ўн минглаб кишилар реабилитация қилиниши керак. Улар ҳеч қандай шартсиз озодликка чиқарилиши лозим”.

“Ўтюраклар” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисаси Мўътабар Тожибоева: “Ўзбек халқининг ўз дарди ва муаммоларини дадил гапирадиган тарзда шаклланишини хоҳлар эдим. Ўзбекистоннинг амалда ҳуқуқий демократик давлатлар сафига кириб боришини истардим”.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев: “Халқ неча йиллардан буён орзиқиб кутаётган эркинлик бўлишини, репрессия тугатилишини, эркин ёзадиган журналистларга тазйиқ тўхташини истайман. Ўзбек тилига бўлган муносабат ўзгариб, халқимизнинг елкасига офтоб тегсин”.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, журналист Дилшод Тиллабоев: “2004 йилда мен давлатимиз сиёсатида либераллаштириш юз беришини кутаётган эдим. Лекин, афсуски, кутганим рўй бермайдиган кўринади. Аксинча, янги йилда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таъқиб ва тазйиқлар кучайиши мумкин.
XS
SM
MD
LG