Линклар

logo-print

Илҳом Алиев Ўзбекистонга расмий ташриф буюради


Тўлқин 2004 йилда Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилаётган давлат ва ҳукумат раҳбарлари орасида Озарбайжоннинг янги Президенти Илҳом Алиев ҳам бор. Хабарларга кўра, ҳозирданоқ бу ташрифга тайёргарлик бошлаб юборилган.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ойдин Азимбоев ҳам мазкур сафар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Озарбайжон раҳбарини 2004 йил март ойининг охирлари ва апрель бошларида Тошкентга расмий ташриф билан келишга таклиф этган. Бу масала 2003 йил 26 декабрда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Вилоят Гулиевнинг Ўзбекистоннинг мазкур давлатдаги элчиси Абдуғафур Абдураҳмонов билан учрашувида муҳокама этилган.

Элчининг сўзларига қараганда, И.Алиевнинг расмий ташрифи чоғида икки томонлама иқтисодий, сиёсий ва савдо алоқалари борасида музокаралар ўтказилади. Сафар доирасида Тошкентда Озарбайжон маданий маркази, шунингдек, мазкур мамлакат элчихонасининг янги биноси очилиши, Тошкентда Ҳайдар Алиевга бюст қўйилиши ва шаҳар кўчаларидан бирига унинг номи берилиши, Тошкентда Низомий Ганжавий ҳайкали очилиши маросимлари бўлиб ўтади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Тошкент давлат педагогика университети ярим асрдан буён Низомий номи билан аталади. Бироқ шу вақтгача Тошкентда унга ҳайкал ўрнатилмаган эди.

Элчининг таъкидлашича, Тошкентда буюк шоирга ҳайкал ўрнатиш харажатларини Ўзбекистон томони ўз зиммасига олган. Бунга жавоб тариқасида Бокуда Алишер Навоийга ҳайкал қўйиш режалаштирилган.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқов мазкур ташриф хусусида фикр билдирар экан, Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг юқори даражада бўлишини таъминловчи кўплаб тарихий ва замонавий омиллар мавжудлигини таъкидлади. Унинг айтишича, транспорт коммуникацияси (ТРАСЕКА) ва қурилаётган Боку-Жайҳон нефть қувури борасида икки давлат манфаатлари ўзаро уйқашдир. Бундан ташқари, ташқи сиёсат борасида юритаётган сиёсат жиҳатдан Озарбайжон Ўзбекистонга яхши иттифоқдошдир.

Сиёсатчи Туркманистон омили икки мамлакатнинг янада яқин бўлишига ундашини билдирди. Унинг таъкидлашича, Туркманистон Президенти юритаётган сиёсат минтақада жиддий можароларни келтириб чиқариши мумкин ва бу сиёсат айни пайтда Ўзбекистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам сезиларли хавф туғдирмоқда. Шу нуқтаи назардан ўзбек-озарбайжон стратегик ҳамкорлик муносабатлари муҳим аҳамиятга эга, деди Малик Абдураззоқов.
XS
SM
MD
LG