Линклар

Диндорлар озод этилмоқда


Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Президентининг Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиш тўғрисидаги фармони асосида наманганлик бир неча таниқли диндорлар озодликка чиққан.

2001 йилда ҳибсга олинган Мирзаакбар Мирмуҳаммедов, қайта қуриш йилларида машҳур “Гумбаз” масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган Абдураҳмон Барноев амнистия бўйича озод этилди. Бу шахсларнинг номлари АҚШ Давлат департаменти ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида кўплаб марта қайд этилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Наманган вилояти бўлими раиси Аҳмадхон Абдуллаев дин арбобларининг озодликка чиққани қувонарли ҳол эканини таъкидлади. Унинг айтишича, диний эътиқоди учун қамалган яна кўплаб фуқароларнинг эркинликка чиқиши тўғрисида гап-сўзлар юрибди. Ким авф сўраса, озод этилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Уларнинг озод бўлишидан умидвормиз, деди А.Абдуллаев.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти фаоли Зоҳиджон Зокировнинг сўзларига қараганда, диний ва сиёсий айблар билан қамалганларнинг озод этилаётгани яхши ҳол. Лекин улар аслида реабилитация қилиниши, яъни тўла оқланиши лозим.

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, вилоят бўйича диний айблар билан қамалганлардан 300 дан ортиғи амнистия асосида озодликка чиқиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ўрталарида 1993 йилда ҳибсга олинган Наманган вилояти уламолар кенгаши собиқ раиси Умархон Бузрукхонов, 1994 йилда ваҳобийлар етакчиларидан бири сифатида қамалган Оқилхон Эшонхонов, Обидхон Асқаров (машҳур Зайниддин Асқаровнинг акаси) ва Аҳмадхон Отахонов озод этилган эди.
XS
SM
MD
LG