Линклар

БЕШИНЧИ МОРАТОРИЙ

  • Сарвар Усмон

Якунига етган йилнинг охирида минтақадаги мамлакатлардан бири – Қирғизистонда ўлим жазосини ижро этишга нисбатан жорий этилган мораторий яна бир йилга - 2004 йилнинг 31 декабригача узайтирилди.

Мана беш йилдирки, Қирғизистон Республикаси Президенти Асқар Ақаевнинг Янги йил арафасида ўлим жазоси ижросини бир йилданга кечиктириши унинг Янги йил табригидай анъанавий бўлиб қолди.

Президентнинг 2003 йил, 30 декабрда имзолаган фармонига биноан, ўлим жазосига маҳкум қилинганлар 2004 йилнинг 31 декабригача қатл этилмайдилар.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга қараганда, шу кунда республика қамоқхоналарида ўлимга маҳкум этилган 140 нафар атрофида маҳбус бор

Президент фармони тўғрисидаги расмий хабарда таъкидланишича, ҳужжатнинг имзоланиши Қирғизистон инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши тарафдори эканлигини, инсонпарварлик принципига содиқ эканлигини намойиш қилади. Бундан ташқари мазкур фармон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 55 йиллиги муносабати билан қабул қилинганлиги ҳам белгилаб ўтилган.

Ўлим жазосининг ижросига мораторий Қирғизистонда биринчи бор бундан 5 йил муқаддам 2 йилга, Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганига 50 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган эди. Ўшандан буён мораторий муддати ҳар йили узайтирилади, чунки республика жамоатчилиги ўлим жазосини биратўла бекор қилиш ҳақида ҳалигача бир тўхтамга кела олгани йўқ. Баъзи таҳлилчилар ўлим жазоси ижросини тўхтатиб туришни инсонпарварлик белгиси, деб баҳоласалар, айримлар бу ишни сиёсий ўйинларнинг бир унсури, деб атамоқдалар.

Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенешнинг собиқ раиси, ҳозирда "Мукар ва профи", деб аталувчи юридик ширкат раҳбари Мукар Чўлпўнбаев ўлим жазосини қўллашни умуман бекор қилишга қаршилардан биридир. "Биринчидан, ўта хавфли жиноятчини ўз ажали билан ўлгунича боқиш давлат учун жуда қимматга тушади, иккинчидан, нима учун қотил-жиноятчига жамият раҳм шафқат қилиши керак?", - дейди Мукар Чўлпўнбаев.

Бундан бир йил муқаддам бир қатор нодавлат ташкилотлари ўлим жазосини мутлақо бекор қилишни сўраб мамлакат президентига мурожаат қилганди. Ўша мурожаатномани имзолаганлардан бири, "Интербилим" ташкилоти раҳбари Асия Сасикбаева президент мурожаатномани эътиборсиз қолдирганини таъкидлаб шундай дейди:

- Мораторийни бир йилданга узайтираверишдан фойда йўқ. Ўлим жазосини биратўла бекор қилиш керак. Ҳар йили бир йилданга чўзиб қўйиш оддийгина сиёсий ўйинга ўхшаб кетаяпти. Халқаро жамоатчилик кўзига инсон ҳуқуқларига риоя қилинаётганлигини намойиш қилишга ҳаракатдай бўлиб кўринаяпти.

Хўш, расмий Бишкек ўлим жазосини мутлақо бекор қилишга тайёрми?
Қирғизистон президенти маъмурияти бошлиғи ўринбосари Бўлўт Жанузақовнинг сўзларига қараганда, мамлакат раҳбарияти бу масалада аниқ бир қарорга келганича йўқ.

- Ўлим жазоси ўта ўғир жазо. Бироқ, у бекор қилинадими, йўқми, буни келажак кўрсатади, - дейди Бўлўт Жанузақов.

Қирғизистон Инсоннинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари бўйича халқаро пактга қўшилган ҳамда мазкур ҳужжатнинг икки факультатив баённомасини имзолаган мамлакатдир, шунинг учун ҳам ўлим жазосини биратўла бекор қилиши лозим. Қирғизистон Конституциявий Суди судяси Марат Қайипов ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига алмаштириш керак, деб ҳисоблайди.

- Ўлим жазосини қўлламаймиз, деб мажбурият олгандан кейин, Жиноят Кодексига "умрбод қамоқ жазоси", деган моддани киритиш, бюжжетни қабул қилаётганда бу меъёрнинг молиявий асосини яратиш лозимлигини ҳисобга олиш керак, - дейди Марат Қайипов.

Кези келганда, шуни ҳам айтиш лозимки, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам 2003 йилнинг 17 декабрида ўлим жазоси ижросига мораторий эълон қилди. Қирғизистондан фарқли ўлароқ бу мамлакатда мораторийнинг вақт чеклови йўқ.

Хўш, Ўзбекистонда бу соҳадаги аҳвол қандай? Тошкентдаги мухбиримиз Шайбоннинг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг яқинда бўлиб ўтган 13 сессиясида мамлакат Жиноят Кодексининг 151 модда, иккинчи бандида ҳамда 153 моддасида назарда тутилган жиноятлар (агрессия ва геноцид) учун ўлим жазосини қўллаш бекор қилинган.
XS
SM
MD
LG