Линклар

Ўзбекистон спорт телеканали иш бошлади


Ҳакимбек 2004 йилнинг биринчи январидан бошлаб Ўзбекистон телевидениесининг янги – “Спорт” телеканали кўрсатувлари эфирга узатила бошлади.

Ушбу телеканал Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтган йилнинг ноябрида қабул қилинган қарори асосида ташкил этилди.

Телеканал директори Алишер Шоимовнинг айтишича, “Спорт”нинг бир кунлик эфир вақти ҳозирча 11 соатни ташкил этади. Бунинг беш соати Россия телевидениелари кўрсатувлари ва олти соати маҳаллий журналистлар томонидан тайёрланган спорт кўрсатувларидир.

А.Шоимовнинг сўзларига қараганда, “Спорт” телеканали кўрсатувларини ҳозирча Ўзбекистоннинг 80 фоиз ҳудудида кўриш мумкин. Кейинчалик қўшимча узатгичлар ўрнатиш, мавжудларини замонавийлаштириш ҳисобига бу кўрсаткич юз фоизга чиқиши мўлжалланган.

Янги телеканални ташкил этиш жараёнида, албатта, малакали спорт журналистларига ҳам эҳтиёж туғилди. А.Шоимовнинг таъкидлашича, мавжуд муаммоларга қарамай, телеканалга малакали журналистларни танлаб олишга ҳаракат қилинган. Айни пайтда ҳам журналистларни спортнинг маълум соҳаларига ихтисослаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Телеканал Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари билан бир қаторда миллий спорт турлари бўйича ҳам кўрсатувлар эфирга узатиши кўзда тутилган. “Хабарлар” студияси бош муҳаррири Сапармат Сапаевнинг билдиришича, телеканал спорт мусобақаларидан тезкор материаллар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Жумладан, жойларда бўладиган спорт беллашувларидан тўғридан-тўғри репортаж узатиш, техник имконият етишмаганда эса ёзувли лавҳалар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.

С.Сапаевнинг билдиришича, апрель ойидан бошлаб спорт кўрсатувларининг эфир вақти яна икки соатга узайтирилади ва жами саккиз соатни ташкил этади. Шунингдек, машҳур спортчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида спорт шоулари тайёрлаш бошланади.
XS
SM
MD
LG