Линклар

logo-print

Оқсимга бой Фарғона


Турғунбек Фарғона водийсида қорамоллар орасида юқумли касаллик тарқагани оқибатида моллар ҳаром ўлмоқда.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги сут-товар фермаси бошқарувчиларидан бирининг сўзларига қараганда, тарқалган касаллик оқсимнинг “Осиё-1” типи бўлиб, у шу тоифадаги бошқа касалликлардан тубдан фарқ қилади. Оқсимнинг бу турига чалинган молнинг оғзидан сўлак оқиб, оёқлари шол бўлиб қолади. Касалланган мол 10-15 кун давомида емиш ея олмай қолади. Фермадаги 488 та қорамолдан 426 таси қолди. Қолганлари эса шу касалликдан ҳаром ўлди, деди у.

Бошқарувчининг айтишича, касаллик тарқаганидан буён тахминан 1,5-2 ой вақт ўтган. Касаллик юқумли бўлса-да, ҳозирча қўйларнинг оқсимга чалингани кузатилмаётир.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан суриштирув ўтказганида вилоятнинг Жалолқудуқ, Олтинкўл, Булоқбоши, Пахтаобод туманларига ҳам касаллик кенг тарқалиб улгургани маълум бўлди.

“Сўнгги 2-3 ой ичида бутун маҳалладаги оилаларнинг молларига касал тегди. Бу касалликдан маҳалла бўйича 50-60 бош мол ҳаром ўлди”, дейди суҳбатдошлардан бири.

Қорамолларда тарқаган юқумли касаллик дорихоналарда савдонинг ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Дорихоналардан бирининг сотувчиси сўзларига кўра, пенициллин, йод, марганцовка каби дориларга харидор кўпайиб кетган. Улар бу дорилардан касал теккан молни даволашда фойдаланмоқдалар.

Хабарларга қараганда, вилоят аҳлининг кўп қисми бозордан мол гўшти сотиб олишни тўхтатган. Чунки оқсимга чалинган моли ҳаром ўлмаслиги учун уни сўйиб, гўштини бозорга чиқараётганлар кўпайиб кетган. Касал молнинг гўшти соғлом молникидан 3-4 баробар арзон сотилмоқда.

Мутахассислардан бири касаллик ҳаво орқали тарқалаётгани, эмланган моллар ҳам оқсимга чалиниши ҳоллари учраётганини таъкидлади. Унинг айтишича, оқсимнинг енгил тури билан касалланган мол уч кунда қайта емишга кириши мумкин. Оғир касалликка чалингани эса 23 кун давомида даволанади. Шунга қарамай, бу моллар саккиз ой давомида касал тарқатиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шокиржон Мўминжоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон матбуоти оқсим тарқагани тўғрисида ҳеч қандай хабар бермаётир. Агар биз иқтисодий зарардан қўрқиб, касаллик мавжудлигини яширсак, кейинчалик унинг оқибати янада даҳшатли бўлади, деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG