Линклар

“Бирлик” яна рўйхатга олинмади


Тўлқин 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Бирлик халқ ҳаракати" партиясининг рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризасини рад этди. Бу ҳақда партия бош котиби Васила Иноятова маълум қилди.

Унинг айтишича, вазирлик партияни рўйхатга олишдан иккинчи марта бош тортган. Биринчи марта партиянинг рўйхатдан ўтиш ҳақидаги аризаси ўтган йилнинг 27 октябрида рад этилган эди.

В.Иноятованинг таъкидлашича, Қорақалпоғистондан имзо тўпланмагани, баъзи имзолар қалбаки эканлиги, шунингдек, 1993 йилда қабул қилинган қонун асосида унинг ўзи бир вақтда икки ташкилотга – “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва партияга раҳбарлик қилиши мумкин эмас, деган даъволар билан вазирлик “Бирлик”ни рўйхатга олмаган

В.Иноятова бу даъволар аслида партияни рўйхатга олмаслик учун баҳона эканини айтди. Унинг айтишича, у “Бирлик”нинг раҳбари эмас, балки бош котибидир. Партия раиси эса бошқа шахс.

Партияни рўйхатдан ўтказишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири 2004 йил охирларида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловида иштирок этиш эди. Шу боис, айни ўринда демак “Бирлик” сайловда иштирок этмайдими, деган савол кўндаланг бўлади.

В.Иноятованинг айтишича, партиянинг рўйхатдан ўтказилмагани унинг сайловда қатнашишига тўсиқ бўла олмайди. Чунки Ўзбекистон қонунчилигига кўра ташаббус гуруҳлари мустақил номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Шу асосда бирликчилар сайловга тайёргарликни ҳозирдан бошлаб юборган. Хусусан, 2003 йил 10 ноябрда бўлиб ўтган партия марказий кенгаши йиғилишида сайловга тайёргарлик кўриш тўғрисида махсус қарор қабул қилинган. Айни пайтда жойлардаги сайлов округларида номзод кўрсатиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG