Линклар

Ислом Каримов - эркин матбуот кушандалари рўйхатида


Шайбон “Чегара билмас репортёрлар” халқаро ташкилотининг “Эркин матбуот кушандалари” номли ҳисоботи эълон қилинди. 39 мамлакат раҳбарлари номи келтирилган ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тилга олинган.

Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистондан ташқари Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон раҳбарларининг номи ҳам келтирилган. Ҳисоботда: “(Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов) Ғарб дунёсига мустақил ахборот манбаларига нисбатан бағрикенглик қилмаслик жиҳати билан яхши маълум. Ўзбекистонда матбуот давлат монополиясидадир. Аксилтеррор амалиёти Ўзбекистон ҳукуматининг ўз мухолифлари ва журналистларга қарши кураши учун оқлов вазифасини ўтаб келади. Расмий нашрларда мухолифат ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат борасидаги шарҳлар мутлақо кўринмайди”, дейилади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган маҳаллий журналистлардан бири Ўзбекистонда чиндан ҳам ОАВ устидан ҳукумат назорати мавжудлиги, бироқ бу назорат аксилтеррор амалиёти ниқоби остида амалга оширилаётгани ҳақида гапириш ноўрин эканини таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатда матбуотни чеклаш мустақилликнинг дастлабки йилларидан бери мавжуд. Бу вақтларда кўпчилик террорчилик ҳақида аниқ тушунчага ҳам эга эмас эди. Демак, бу чекловлар террорчиликка қарши кураш бошлангандан сўнг юзага чиқди, дейиш ҳақиқатдан йироқ.

Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш қўмитаси раисаси Инера Сафаргалиева “Чегара билмас репортёрлар” ҳисоботида келтирилган фикрларга қўшилишини, Ўзбекистон ҳукумати ОАВга таъсир кўрсатишда ҳали ҳам фаол эканини таъкидлади.

“Ҳукуматимиз ОАВга таъсир кўрсатишда барча усуллардан фойдаланишда давом этмоқда. Жумладан, матбуотни бўғиш усулидан ҳам воз кечмаган. Бу одатда муассис ёки куч ишлатувчи тузилмалар ёрдамида амалга оширилади”, деди у.

Маҳаллий журналистлардан бири ҳам ўзбек матбуотида И.Сафаргалиева тилга олган муаммо мавжудлиги ва унинг ечими ҳукумат ихтиёрида эканини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳукумат бугунги кунда матбуотда вужудга келган муаммога айбдор. Шундай экан, муаммонинг ечилмаётганига ҳам айнан ҳукумат, унинг тепасида турган Президент сабабчидир.

И.Сафаргалиева ҳисоботда келтирилган айрим фикрларга, хусусан, маҳаллий матбуотда мухолифат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга оид шарҳлар босилмаётганига қўшилмаслигини айтди. Унинг сўзларига қараганда, гарчи ўзбек матбуоти қотиб қолган бўлса-да, айрим дадил чиқишлар қилишга уринишлар мавжуд. Бу эса эркинлик аста-секин бўй чўзаётганидан далолат беради. Мазкур жараён келажакда мамлакатда чинакам сўз эркинлиги қарор топишига олиб келади.
XS
SM
MD
LG