Линклар

Афғонистонда ўзбек тили расмий тил мақомини олди


Зикрилло Ишонч Кобулда ўтказилган Лўя Жирға (Катта Кенгаш) йиғилишида ўзбек тилига расмий тил мақоми берилиши ўзбекистонлик зиёлиларни ҳам хурсанд этди.

Хабарларга қараганда, Афғонистондаги ўзбеклар яшайдиган ҳудудлардагина ўзбек тили расмий мақомга эга. Афғонистонда шу вақтга қадар ўзбек тилининг ёзма кўриниши деярли ривожланмаган эди. Шунингдек, бир неча миллион ўзбек яшайдиган бу мамлакатга ўзбек адабий тили ҳам мавжуд эмас.

Афғонистонда дипломат сифатида хизмат қилган Давлатбек Саъдуллаевнинг фикрича, келажакда бу муаммоларни ечишда ўзбекистонлик филологларнинг ёрдами катта бўлиши мумкин. Шу боис, бу борада Ўзбекистон зиёлиларининг кўмаги мамлакатнинг халқаро миқёсда ўз бурчини адо этишини билдиради.

Тилшунос олим, академик Ғани Абдураҳмонов ўзбекистонлик шевашунослар Афғонистондаги ўзбеклар диалектларини ўрганиш орқали умумий адабий тилни яратишда катта қадам қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг эътирофича, Афғонистон ўзбеклари тилининг шаклланишида форс, дари, пуштун тиллари катта таъсир этган. Шевашуносларимиз, адабий тил бўйича мутахассислар мана шу жиҳатларни чуқур ўрганиб, ягона адабий тил меъёрларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Д.Саъдуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон Афғонистон олий ўқув юртларига олимлар, профессор-ўқитувчилар жўнатиш, биргаликда луғатлар, китоблар, услубий қўлланмалар яратиш орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

Мутахассислар орасида Ўзбекистондаги мавжуд адабий тилни Афғонистон ўзбеклари орасида бевосита жорий қилиш мумкин, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Аммо академик Ғ.Абдураҳмонов бу йўлни зинҳор қўлламаслик тарафдори. Чунки, деди у, афғонистонлик ўзбеклар тилида мавжуд айрим хусусиятлар бизнинг ўзбек адабий тилида бўлмаслиги ёки аксинча бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG