Линклар

logo-print

Муқобил сайлов маркази ташкил этилмоқда


Нурбек Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббуси билан "Муқобил сайлов маркази" деб номланган янги нодавлат-нотижорат ташкилот тузилмоқда. 6 январь куни ушбу ташкилотнинг таъсис йиғилиши ўтказилди.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишича, Муқобил сайлов марказини тузишга қарийб бир йил тайёргарлик кўрилган.

Мустақил кузатувчи Абдулла Қувватовнинг сўзларига қараганда, бу ташкилотни тузиш ҳаётий заруратдир. У Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига мухолифатдаги ягона тузилма бўлиши кутилмоқда.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Самарқанд вилояти бўлими раиси Нуриддин Комиловнинг фикрича, янгидан шаклланаётган марказ сайловчи ва сайланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Марказнинг бош мақсади Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган сайловларда анъанага айланган маҳаллийчилик, демократик тамойилларга зид келадиган ҳар қандай иллатларга қарши курашишдан иборат.

Марказ ташкилотчиларидан бири Ойгул Маматова янги ташкил этилаётган ташкилотнинг рўйхатдан ўтиш-ўтмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслиги, шунга қарамай, унинг сайловчиларга ёрдами тегишига ишонишини таъкидлади. Унинг айтишича, марказ фаолиятининг биринчи босқичи АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД томонидан молиявий қўллаб-қувватланган. Донорлар топилса, ҳозир мўлжалланаётган навбатдаги босқичлар ҳам муваффақиятли амалга оширилади.

Таъсис йиғилишида Муқобил сайлов марказининг 11 кишидан иборат вилоят кенгаши аъзолари сайланди. Ташкилот рўйхатдан ўтса, туманларда ҳам унинг бўлимлари иш бошлайди.
XS
SM
MD
LG