Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:29

МАЙМУН ЙИЛИНИ БОШЛАЁТГАН МАРКАЗИЙ ОСИЁ


Сарвар УСМОН. Янги, 2004 йил кутиб олинганига ҳам кўз очиб- юмгунча, мана, бир ҳафта бўлиб қолди. Байрамлардан энди-энди қўл бўшаб, ишга киришиш билан, эски йилда қилинган ишларни яна бир бор сарҳисоб қилиб, битмай қолганларини янги йилда битиришга бел боғлаш билан банд кўпчилик.

Давлат раҳбарлари эса, оддий фуқаролардек, ишни чўзиб ўтирмайдилар. Ҳар ишни вақтида қиладилар, "темирни қизиғида босадилар". Уларнинг мамлакат халқига йўллайдиган табриkлари - тугаётган йилнинг сарҳисобию янги йилнинг режасидир.

Аввало, шаклга тўхталмоқчимиз. Минтақа президентлари Янги йил табригининг шаклига. Беш президентдан уч нафари - Нурсултон Назарбоев, Асқар Ақаев ва Имомали Раҳмоновлар мамлакат халқини телевидение орқали шахсан ўзлари табрикладилар. Назарбоев билан Ақаевлар аввал давлат тилида, сўнг рус тилида табрикладилар халқни. Раҳмонов эса, фақат тожик тилида ўқиди табрикни. Телевидение диктори тожик тилидаги табрикнинг русча таржимасини ўқиб берди.

Нега ўзи ўқимади русча матнни ҳам? Раҳмоновни билгич мутахассислар бу ҳолатни президентнинг русчаси мукаммал эмаслиги билан изоҳламоқчи бўладилар.

Агар уларнинг мантиғи билан минтақадаги яна икки президент - Ислом Каримов ва Сапармурод Туркманбошига ёндошиладиган бўлса, булар давлат тилини ҳам, рус тилини ҳам билмас бўлиб чиқади. Чунки уларнинг ҳар иккала тилдаги табригини диктор ўқиб берди. Демак, раҳмоновшуносларнинг мантиғида мантиқ йўқ. Чунки Ниёзов ҳам, Каримов ҳам она тилларини ҳам, рус тилини ҳам яхши биладилар. Айниқса, рус тилини.

Табрикни ўзлари ўқимагани сабаби бошқа бўлса керак...

Жаноб Ниёзов Янги йил табригини ўқимагани билан байрам арафасида ҳукумат мажлисида кириб келган маймун йили тўғрисида мана буларни айтди:

- Мана 2004 йил - Маймун йили кириб келаяпти. Маймунни тақлидчи, жанжалкаш, иккиюзламачи, гапида турмайдиган дейишади. Менимча, бундай эмас, бечора маймунга маломат қилишади одамлар. У жуда содда, кўнгилчан, тирик бурчакда унга қанд берсангиз, кулади, бермасангиз - кетини кўрсатади. Маймун яхшиликни биладиган ҳайвон. Шунинг учун Янги йил туркманларга яхши келсин, - деди Туркманбоши.

Бу Вазирлар Маҳкамаси мажлисида қилган чиқишида айтган гапи эди. Янги йил табригида эса, Туркманбоши 2003 йилнинг Туркманистон учун муваффақиятли келганини таъкидлаган. "Якунига етган йилда иш ҳақи ва стипендиялар икки бараварга ортди, пенсиялар ҳам ўсди", деган.

Туркманбошидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Президенти Янги йил табригида мамлакат халқи кўплаб қийинчиликларга дуч келганини тан олади.

"Қийинчиликлар, кўплаб соҳаларда ва биринчи навбатда иқтисодиётнинг етакчи соҳаси - қишлоқ хўжалигида рўй берди", - дейилади Президент табригининг русча матнида. Бироқ, жаноб Каримовнинг фикрча, бу мушкулликларга "об-ҳаво ва иқлим шароитлари" айбдордир.

Лекин, шунга қарамай, жаноб Каримовга кўра, ўзбекистонликларнинг турмуш шароити яхшиланибди, иқтисодиёт ўсиши суръати ошгани кузатилибди.

Иш ҳақлари, стипендия ва пенсиялар 2003 йилда оширилгани тўғрисида президент Каримов бирон нима демаган. Шундан хулоса қилиш мумкинки, улар 2002 йилги даражада қолаверган. Лекин нарх-наво 2003 йили Ўзбекистонда 4 фоизгагина ўсган, 2002 йили эса, 21 фоизга ўсган эди, деб эслайди жаноб Каримов. Янги йилда маошларни оширамиз, деб ваъда бергани йўқ.

Президент Каримовнинг таъкидлашича, иқлим шароитлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун мушкулликлар туғдирган бўлса, қозоқлар 2003 йили иқлим-пиқлимга қараб ўтирмаган. Ҳар ҳолда Президент Назарбоевнинг табрикномасидан шундай маъно келиб чиқмоқда. "Шу кунда аҳоли жон бошига ички ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича биз МДҲ мамлакатлари орасида олдинги ўринлардан биридамиз", - деб мақтанди Нурсултон Назарбоев. Унинг таъкидлашича, 2003 йили пенсия ва маошлар миқдори оширилган.

Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев билан Имомали Раҳмоновлар Сапармурод Туркманбоши ёки Нурсултон Назарбоевлардай маошни оширдик, деб мақтанолмаганлар. Асос йўқдирда? Бироқ, шунга қарамай, Қирғизистон учун, Ақаевнинг фикрича, 2003 йилдай ёрқин йил бўлган эмас.

Тожикистон Президенти фикрича ҳам, ўтиб кетган йил, "муайян қийинчиликларга қарамай, муваффақиятли бўлди". Фақат бу фикрга оддий тожикистонликлар қўшилармиканлар? Ҳамма гап мана шунда.
XS
SM
MD
LG