Линклар

АҚШда келгиндилар бармоқ изларини олиш бошланди

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШда жорий этилган янги тизим мамлакатга борган дунёнинг аксарият мамлакатлари фуқаролари ҳақида маълумот йиғиш, улар чегарани кесиб ўтаётганларида бармоқ изларини ҳамда рақамли фото суратларини олишни назарда тутади. VISIT, яъни сайёҳлар ва иммигрантлар мақомини ўрганувчи технология, деб аталган бу тизим, АҚШ расмийларига кўра, мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур тизим ташаббусчиси АҚШ Ички Хавфсизлик Бошқармаси раҳбари Том Риж бу ҳақда маълум қилар экан:

"Бугундан эътиборан биз ушбу муҳим янги технологияни мамлакатнинг 115 аэропорти ва кемалар тўхтайдиган 14 денгиз портида жорий этяпмиз. Айни чоралар чегараларимиз ташриф буюрувчилар учун очиқ, аммо террорчилар учун ёпиқлигини таъминловчи кенг миқёсли дастур доирасида амалга оширилмоқда", - деб таъкидлади.

Том Рижга кўра, мазкур тизим АҚШ билан виза режимини ўрнатган барча давлат фуқароларига таъллуқли. Айтиш жоизки, Европанинг аксар мамлакатлари ҳамда Канада, Япония, Австралия, Янги Зелландия, Сингапур, Бруней каби давлатлар фуқароларига нисбатан янги чоралар қўлланилмайди.

"Мамлакатимизга ташриф буюрувчиларнинг жуда оз қисми терроризмга алоқаси бўлиши мумкин. Бироқ бизнинг вазифамиз, яъни Ички хавфсизлик бошқармасининг вазифаси - уларнинг тўхтатиб қолинганига амин бўлиш. Менимча, бунинг энг яҳши усули уларнинг мамлакатга кириб келишларининг олдини олиш", - деди АҚШ Ички Хавфсизлик Бошқармаси Котиби Том Риж.

Америкага борган чет давлат фуқароларини алоҳида рўйхатдан ўтказиш тизими аслида 2001 йилги 11 сентябр фожиаларидан сўнг жорий этила бошланган. Аммо у дастлабки босқичда фақат Яқин Шарқ, Африка ва Осиё минтақасининг 25 давлати фуқароларига нисбатан қўлланилган ва шу боис у мусулмон ҳамжамияти танқидларига учраган эди. Америкадаги Иммиграция бўйича юристлар уюшмаси ижрочи директори Жин Баттерфиелд "Вашингтон таймс" газетасига Америкага борувчи мусулмон давлатлари фуқароларининг бирма-бир рўйхатга олишнинг эски тизими АҚШ хавфсизлигини мустаҳкамлай олмаганини, ҳозиргисининг ҳам бу борада аҳамияти кам бўлишини таъкидлади.

5 январдан кучга кирган янги тизимининг амалга тадбиқ этилиши йилига АҚШга боришни хоҳлаган 24 миллион кишининг бармоқ излари ва фотосуратлари олинишини англатади. Бу эса сафар қилувчилар учун бир мунча ноқулайликлар яратади.

Бироқ АҚШ Ички Хавфсизлик Котиби ўринбосари Аса Хатчинсонга кўра, бундай хавотирларга асос йўқ. "Жорий эта бошлаганимиз янги тизимнинг хорижлик меҳмонларимиз учун сира ноқулайлиги бўлмайди. Бу жуда осон ва кўп вақт олмайдиган жараён. Қолаверса, у ташриф буюрувчиларга транспорт тизимимиз хавфсизлиги ва Қўшма Штатларга кираётганларида ёнларида хавф туғдирувчи одамлар йўқлигига ишонч хосил қилишга имкон яратади."

Бироқ Америкада жорий этилган тизим инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига олиб келиши, қолаверса, бундай чора АҚШнинг бошқа давлатлар билан муносабатларига путр етказиши мумкинлиги ҳақида хавотирли фикрлар айтилмоқда. Масалан, Бразилия АҚШда амал қила бошлаган чораларга жавобан Америка фуқароларини мамлакатга киритишдан олдин Сан Паоло аэропортида уларнинг бармоқ изларини ва фотосуратларини олиш тартибини жорий қилди. Россия ҳам Америкада жорий этилган янги тартиб юзасидан эътироз билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Михаил Троянский Москва хавотирларини шундай ифодалайди:

"Кўриниб турибдики, бундай амалиёт, қандай сабабларга кўра жорий этилмасин, АҚШ визасини олиш истагида бўлган россияликлар учун муаммоларни кўпайтиради. Қолаверса, айни холат АҚШ ва Россия фуқароларининг борди-келдилари, уларнинг виза олиш тартибини енгиллаштириш тўғрисида Кэмп Дэвидда, юқори даражада эришилган шартномага қанчалик мос келади, деган савол туғдиради. Шундай экан, икки давлат ўртасидаги виза масаласида ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириш қийин".

Янги тизим у ёки бу шахсга оид маълумотлар ҳимояланишини қай даражада таъминлай олиши борасидаги хавотирларни ҳам келтириб чиқаради. Аммо бу ташвишларга жавобан АҚШ расмийлари маълумотлар Давлат Департаменти ва Ички Хавфсизлик Бошқармаларида сақланишини билдиришди.
XS
SM
MD
LG