Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:22

Хайр, Матильда хоним!


Шайбон 2004 йил 7 январь куни “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнернинг Ўзбекистондаги ваколати муддати тугади.

“Озодлик” мухбири М.Богнер билан унинг мамлакатдаги икки йиллик фаолияти хусусида суҳбатлашди.

Мухбир: Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида қалбингизни ларзага солган воқеа юз берганми?

Богнер: Бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Аммо мени ларзага солган энг қайғули ҳодиса ўтган йилнинг август ойида Жаслиқ қамоқхонасида содир этилган қотилликдир. Ўшанда икки маҳбус қайноқ сувга ташлаб ўлдирилган эди. Кейинчалик ўша маҳбуслар яқинлари кўзларидаги аламни кўриб бутун вужудим увушиб кетганди. Қолаверса, мен билан доимий ҳамкорликда бўлган кўплаб инсонларга ўтказилган тазйиқлар, хусусан, Руслан Шариповнинг қамалиши мени изтиробга солди. Бу оғриқ, бу изтиробдан ҳали бери қутула олмасам керак.

Мухбир: Икки йиллик фаолиятингиз давомида ўзингизга нисбатан ҳам таҳдид бўлганми?

Богнер: Йўқ, бундай таҳдидлар учрамади. Аммо майда-чуйда кўнгилбузарликлар бўлган. Масалан, бир марта маҳаллий милиция ходимлари мени сўроққа тутмоқчи бўлганди. Лекин мен билан мулоқотда бўлган жуда кўп шахслар таъқиб қилинди. Уларнинг баъзилари ҳозирда қамоққа олинган. Бу, албатта, ўта ачинарли ҳол.

Мухбир: Богнер хоним, Ўзбекистондаги фаолиятингизни эндигина бошлаган даврдаги ва ҳозирги кундаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятлар ўртасида қандайдир фарқ сезиладими?

Богнер: Мен Ўзбекистонга 11 сентябрь воқеаларидан сўнг кўп ўтмай келганман. У пайтларда вазият бирмунча сокин эди. Мамлакатда кўплаб хорижлик журналистлар бор эди. Аммо орадан салгина вақт ўтиб вазият анча қалтислашди ва бу ҳолат шу вақтгача сақланиб турибди.

Мухбир: “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти жаҳон ҳамжамияти, хусусан, АҚШни кўп бора расмий Тошкентга инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида жиддий талаблар билан мурожаат қилишга чақирган. Хўш, бунинг бирор натижаси кўриндими?

Богнер: Бундай чақириқларимизга қарамай, АҚШ Ўзбекистонга юмшоқ муносабатда бўлиб келмоқда. Менинг фикримча, Ўзбекистонга зарур даражада таъсир ўтказилмаётир. Масалан, инсон ҳуқуқлари бузилаётган бошқа давлатларга нисбатан жиддий, кескин таъсир чоралари кўрилади. Ўзбекистонга муносабатда эса АҚШ ўз манфаатларидан келиб чиқаётган бўлса керак. Аммо, умид қиламизки, Американинг бу сиёсати тез орада ўзгаради. Чунки билдирилаётган таклифлар расмий Тошкент томонидан инобатга олинмаётгани Вашингтон мулозимларига ҳам аёндир.

Мухбир: Сизнинг назарингизда, Ўзбекистонда мавжуд энг жиддий муаммо қайси?

Богнер: Диндорларга қарши амалга оширилаётган репрессиялар энг жиддий муаммодир. Бу борадаги вазиятнинг ўзгаришига умид кам. Мен бундай репрессия қурбони бўлган кўплаб оилаларни биламан.

PS. Маълумотларга кўра, Матильда Богнер эндиликда хизмат фаолиятини Арманистон, Грузия ва Озарбайжонда давом эттиради. Ташкилотнинг Тошкентдаги миссиясига эса АҚШ фуқароси Алисон Гил хоним бошчилик қилади.
XS
SM
MD
LG