Линклар

УКРАИНА СТАЛИНДАН ҚОЛГАН ЯНА БИР МЕРОСДАН ҚУТУЛДИ.

  • Сарвар Усмон

Украина президенти Леонид Кучма Янги йилнинг биринчи ҳафтасида бутун мамлакат бўйлаб пропискани бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шундай қилиб бу мамлакатда фуқаролар эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқидан фойдаланишлари учун ҳуқуқий асос яратилди.

Фуқаролар устидан кучли ва доимий назорат ўрнатиш воситаси бўлган прописка Иосиф Сталин ихтироси эди. Бу восита қатор постсовет республикалари, жумладан Ўзбекистонда сақланиб қолган. Прописка институти сақланиб қолгани туфайли ўзбекистонликлар дуч келаётган мушкулликларга бироз туриб тўхталамиз. Ҳозир эса, пропискани бекор қилиш йўлида украиналиклар босиб ўтган йўл хусусида гаплашайлик.

Прописка масаласини Украина ҳокимиятининг барча бутоқлари сўнгги 2-3 йил давомида муҳокама қилди.

2001 йилнинг июнида Президент Кучма мажбурий пропискани бекор қилиш тўғрисида махсус фармон имзолаган эди.

Республика Конституциявий суди ҳам бу масалани ўрганиб, 2001 йилнинг 20 ноябрида чиқарган қарорида пропискани Конституцияга зид амалиёт деб эълон қилган.

Бундан бир йил муқаддам Украина Вазирлар маҳкамаси Конституциявий Суд қарорига биноан мажбурий пропискани бекор қилиш тўғрисида тўхтам қабул қилган эди.

Сўнгра Украина парламенти мазкур масала бўйича қонун қабул қилди.

Янги йилнинг биринчи ҳафтасида Президент Кучма имзолаган ўша қонун масалани узил-кесил ечди. Бундан буён Украинада давлат амалдорининг фуқародан прописка талаб қилишга ҳаққи йўқ. Украиналиклар бундан буён яшаш жойларида қайддан ўтиб қўядилар, холос.

Прописка фуқаронинг муайян шаҳар ё қишлоқда яшаши учун давлат томонидан бериладиган рухсатдир. Бу рухсатни олиш учун давлат идорасига бир тахлам ҳужжат топшириш керак бўлади. Мазкур масалани "Ҳуқуқингизни билинг" радиобюллетенимизда батафсил ёритган эдик.

Ўзбекистонда, айниқса, пойтахт Тошкентда пропискадан ўтиш учун фуқаро давлат идорасига қарийб 20та ҳужжат - турли-туман маълумотномаю далолатнома тақдим этиши лозим.

Украинада эса, фуқаролар у ёки бу шаҳарда, жумладан пойтахт Киевда яшаш учун давлатдан рухсат олмайдилар. Улар қайддан, рўйхатдан ўтиб қўядилар, холос.

Украина Ички Ишлар вазирлигининг Фуқаролик ва иммиграция масалалари ҳамда жисмоний шахсларни қайд этиш департаменти директори Александр Перовнинг оммавий ахборот воситаларига берган маълумотларига кўра, украиналик фуқаролар яшаш жойида қайддан ўтиш учун мана бу учта ҳужжатни тегишли идорага тақдим этади холос:

биринчиси, ариза ҳамда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан ўчирилгани тўғрисида белги қўйилган паспорти;

иккинчиси, давлат пошлинасини тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция ҳамда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан ўчирилганини тасдиқловчи талон;

учинчиси, кириб яшамоқчи бўлган уйининг ўз мулки эканлигини тасдиқловчи ҳужжат; агар яшамоқчи бўлгани уй ўзиники бўлмаса, уй эгасининг розилиги.

Украиналик шу ҳужжатларни тегишли идорага топширса бўлди, у 10 кун ичида қайддан ўтказилади.

Жаноб Перовга кўра, фуқаро қонунда белгилаб қўйилган айрим жойларда, масалан, давлат чегараси чизиғида ёки ҳарбий объектлар ҳудудида истиқомат қилиш учун қайддан ўтказишни сўраб ариза топширса, унинг аризаси қондирилмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG