Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:22

Бир синфга битта дарслик


Хоразм вилоятидаги барча қишлоқ мактаблари ўқувчилари пахта теримида иштирок этгани сабабли қишки таътил вақтида ҳам ўқишни давом эттирмоқда.

Хонқа туманидаги Аваз Ўтар номидаги мактаб ўқувчилари қишки таътилни мактабнинг совуқ синф хоналарида ўтказаётир. Мактаб директори ўринбосари Раҳима Усмонхўжаеванинг айтишича, хоналарнинг совуқлигига сабаб вилоятда мавжуд газ танқислиги муаммосидир. Бундан ташқари, мактаб биноси ҳам эскирган бўлиб, иситиш тизими издан чиққан.

“Озодлик” мухбири совуқдан пальтоларга ўраниб ўтирган 11-синф ўқувчилари билан учрашганда, уларга адабиёт дарси ўтилаётган эди. Маълум бўлишича, бутун синф бўйича битта ўқувчида адабиёт дарслиги бор экан. Ўқувчилар бошқа кўплаб дарсликлар ҳам етарли эмаслигини таъкидлади.

Бир ўқувчининг айтишича, “Миллий истиқлол ғояси” дарслиги умуман йўқ. 11-синф “Кимё” дарслиги эса фақат муаллимда бор.

Мактаб раҳбариятининг билдиришича, ўқув йилининг ярми ўтиб кетганига қарамай, 10-синф учун она тили ва адабиёти, рус тили бўйича дарсликлар ҳали ўқув масканига етиб келмаган.

Ўқувчилар мактабда компьютер йўқлиги, спорт зали талабга жавоб бермаслигидан нолиди.

Шунга қарамай, Р.Усмонхўжаеванинг айтишича, мактаб ўқувчиларининг спортда эришган ютуқлари талайгина. Жумладан, “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг вилоят босқичида мактаб ўқувчилари қўл тўпи ва шахмат бўйича биринчи-иккинчи ўринларни эгаллаган. 2003 йил битирувчиларидан 3 нафари олий ўқув юртларида ўқишни давом эттирмоқда.

Мактаб биноси 1969 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда анча ачинарли аҳволда. Мактаб раҳбариятининг таъкидлашича, ўқувчи ва ўқувчилар пул тўплаб, айрим кичик таъмирлаш ишларини амалга ошираётибди.
XS
SM
MD
LG