Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:40

ЎЛАТ ОРОЛИ


Бир вақтлар биологик қурол сифатида фойдаланишга мўлжалланган куйдирги споралари қабристонига айланган Возрождение оролининг (Орол денгизи) бир қисми Қозоғистонга тегишлидир. Возрождение оролининг Ўзбекистон қисмида куйдирги касаллиги хавф туғдираётган бўлса, оролнинг Қозоғистонга тегишли қисми ўлат касаллиги ўчоғидир.

Возрождение ороли икки қўшни мамлакат - Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ўртасидаги ҳуддуддир. Оролнинг кичикроқ шимолий қисми Қозоғистонники, қолгани Ўзбекистонга тегишли.

Ўзбекистонлик олимлар америкалик ҳамкасблари билан ўз экспедицияларини тугатганларидан сўнг (2002 йилнинг баҳор-ёзи) қозоғистонлик мутахассислар ҳам 2003 йилнинг ёзида оролга экспедиция уюштиргандилар. Экспедиция иш бошлаётган пайтда Возрождение оролига қозоғистонлик журналист Ольга Мельникова ҳам сафар қилганидан хабаримиз бор эди. Ўшандан буён орадан қарийб ярим йил ўтди. Хўш, қозоғистонлик олимлар оролдаги тадқиқотларини якунига етказдиларми?

Бу саволни Ольгага бердик.

- Олимлар тадқиқотлари бир неча йилга чўзилиши мумкин, иш эндигина бошланаяпти, дейиш мумкин, - дейди Ольга Мельникова.

Қозоғистонлик мутахассислар Возрождение оролининг Қозоғистонга қарашли қисмидан текшириш учун тупроқ ва табиатнинг бошқа унсурларидан намуналар олдилар. Бу намуналар Қозоғистоннинг карантин ва ҳайвонот инфекциялари марказида (собиқ Ўлатга қарши марказ) ўрганилади, деб маълумот берди Ольга Мельникова.

Қозоғистонлик журналистнинг таъкидлашича, олимлар қўлида "дастлабки натижалар бор, лекин
яқин орада улар эълон қилинадиганга ўхшамайди. Афтидан, мутахассислар сирни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат берган кўринади".

Мана шу гапдан кейингина қозоғистонлик олимларга икки кун давомида қилган мурожаатларимиз бесамар бўлганлиги, олимларнинг турли баҳоналар билан суҳбатдан ўзларини олиб қочганлари сабаблари аниқ бўлиб қолди.

Демак, Возрождение оролидаги ўлат манбаи тўғрисидаги маълумотлар халқдан яшириладиган сир, илгари битта мамлакат - СССРнинг сири эди, эндиликда уч мамлакат - Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг сирига айланди.

Ольга Мельниковага кўра, қозоғистонлик олимлар Ўзбекистон-АҚШ экспедицияси натижаларидан ҳам хабардор, бироқ, улар бу маълумотларни ҳам жамоатчиликдан сир тутишмоқда.

- Бироқ, - дейди Ольга Мельникова, - жамоатчилик республика ҳудудида нима бўлаётганлигини билиши лозим".

Олимлар билан суҳбатда масалани бошқачароқ қўйганмисиз, масалан, куйдирги, ўлат каби ўта хавфли касалликлар пайдо бўлиши ҳолатлари ёки эҳтимоли республика бўйлаб бир хилми ёхуд Орол денгизи атрофида хавф кучлироқми, деб сўраганмисиз, деб давом эттирдик Ольга Мельникова билан суҳбатни.

- Бу саволни мен мутахассисларга берганман. Ўлатнинг 40 фоизли ўчоғи бўлгани боис, бу ҳудудда ўлат ҳуружи юз бериб туради, бу нормал ҳолат, деб жавоб беришди, олимлар, - дейди Ольга Мельникова.

Олимларнинг бу жавоби порох тўла бочка устида ўтирган кимсанинг абадият тўғрисидаги сафсатасига ўхшамайдими?

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Қозоғистон расмийларининг Возрождение оролидаги вазият бўйича маълумот бериши кутилмоқда. "Чунки журналистлар мамлакат Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа бир қатор ташкилотларга мурожаат қилаяптилар", - деди Ольга Мельникова.
XS
SM
MD
LG