Линклар

Айбсиз айбдор қилишмоқчими?

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг уйига келган суд ижрочилари унинг мол-мулкини хатлашга уринган.

Маълумотларга қараганда, бу воқеалар М.Тожибоева Олтиариқ тумани прокуратураси биносини Бош прокурор ва туман прокурорининг истеъфосини сўраб пикет қилганидан бошланган. Олтиариқ тумани суди уни мазкур пикет ва бошқа кўча юришларини ноқонуний ўтказганликда айблаб, ўтган йилнинг 11 ноябрида 16 минг 320 сўм миқдорида жарима тўлашга ҳукм этган. Суд жараёнида М.Тожибоеванинг ўзи иштирок этмаган ва жарима тўлашдан ҳам бош тортган. Суд ижрочилари айни шу жаримани ундиргани келган.

М.Тожибоеванинг таъкидлашича, унга нисбатан чиқарилган суд ҳукми қонунга зиддир. Чунки Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасига биноан маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилаётган шахс судда иштирок этиши шарт. Агар у судда иштирок этмаса, ҳукм ноқонуний ҳисобланади.

М.Тожибоеванинг сўзларига қараганда, расмий доиралар уни айбдор қилишга уринмоқда. Агар мол-мулким хатланишидан, қўни-қўшнилар олдидаги гап-сўзлардан чўчиб, бу пулни тўласам, айбни бўйнимга олган бўламан. Шундан сўнг ҳукумат менга бошқа жиддий айблар қўйиб, қамашига шароит туғилади, деди у.

Бу хусусда фикр билдирган адвокат Баҳром Саломовнинг айтишича, қонунда айбланувчининг судда иштироки шартлиги белгиланмаган. Лекин, деди у, Ўзбекистон имзо чеккан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактда бундай суд жараёнларида айбланувчининг иштироки шарт экани кўрсатилган.

Марғилон шаҳар суд ижрочилари бўлинмаси суд ижрочиси Ҳусанбой Умрзоқов мавзу юзасидан фикр билдириб, суд чиқарган ҳукм ижрочилар томонидан муҳокама этилмаслиги, улар қарорни бажаришга мажбурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, суд ҳукмини бажариш учун айбланувчига беш кун муддат берилади. Агар шу муддатда ҳукм бажарилмаса, айбдорга энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача миқдорда жарима солинади. М.Тожибоева ҳам шу муддатда ихтиёрий равишда жаримани тўламагани сабабли суд ижрочилари унинг мул-мулкини хатлаш ниятида бўлган.

М.Тожибоева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мазкур воқеа юзасидан Президент номига очиқ хат ёзишга қарор қилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG