Линклар

Аҳоли рўйхатга олинмаслигига сабаб нима?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда аҳолини ялпи рўйхатга олиш сўнгги марта бундан 15 йил муқаддам – 1989 йилда ўтказилган эди.

Кузатувчиларининг таъкидлашича, БМТ ташкилотга аъзо мамлакатларга ҳар ўн йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилишини тавсия этган. Шунга қарамай, Ўзбекистонда 15 йилдан буён бундай тадбир ўтказилгани йўқ. Туркманистонда 1995 йилда, Тожикистонда эса 2003 йилда аҳоли рўйхатга олинган эди. Туркманистон 2004 йилда ҳам аҳолини танлаб рўйхатга олиш тадбирини ўтказмоқчи.

Бу тадбир аҳоли сонининг ўзгариши, мамлакат фуқароларининг миграцияси, иш билан бандлик даражаси, ижтимоий-маиший турмуш тарзи каби масалаларга аниқлик киритади ва шу асосда ривожланиш кўрсаткичлари ҳамда тенденцияларини таҳлил қилишга имкон яратади.

Ўзбекистон Статистика давлат қўмитаси раиси ўринбосари Райганат Маҳмудованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда аҳоли рўйхатга олинмаётганининг сабаби фақат ҳукуматга аён. Ушбу қўмита ходимларидан бири эса мамлакатда аҳоли доимий равишда рўйхатга олиб борилишини таъкидлади. Унинг айтишича, 2003 йилнинг январигача Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳоли сони 25 миллион 428 минг кишини ташкил этган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда бу тадбир ўтказилса, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг кўпчиликка номаълум жиҳатлари ойдинлашиб қолади.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, аҳоли рўйхатга олинганда ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги салбий ҳолатлар, масалан, аҳоли миллий таркибидаги кескин ўзгаришлар, туғилиш даражасининг аҳволи маълум бўлади. Ҳукумат эса бундан манфаатдор эмас.

Жамиятшуносларнинг таъкидлашича, 1989 йилда аҳоли сони 20 миллион экани қайд этилган, йиллик ўсиш 4 фоиз белгиланган бўлса, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси тахминан 32 миллион кишини ташкил этиши керак эди. Бу борадаги аниқ рақамларнинг йўқлиги боис, аҳоли жон бошига даромад миқдорини ҳисоблаш мумкин эмас.

Мутахассисларнинг билдиришича, агар шу кунларда аҳоли рўйхатга олинса, ишсизлар сони расмий маълумотлардагидек 800 минг эмас, балки ундан бир неча баробар кўп бўларди. Ёки хорижга иш излаб кетган фуқаролар сони миллионлар билан ўлчаниши билиниб қоларди.

Фалсафа фанлари номзоди, доцент Лидия Ефимованинг фикрича, аҳолини рўйхатга олиш мавжуд жамият ҳақидаги маълумотларни ойдинлаштиради. Унга қараб ҳар бир давлатнинг тугал ижтимоий дастури, ижтимоий сиёсати ишлаб чиқилади. Шунинг учун бундай тадбирнинг ўтказилиши жуда муҳим.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш солиқ ва ички ишлар идоралари томонидан доимий равишда амалга оширилаётганини таъкидлайди. Унинг айтишича, 2003 йил охирида барча ташкилот ва муассасалар ўз ходимлари тўғрисидаги батафсил маълумотларни ички ишлар идоралари талаби билан етказиб берган.

Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати бу йил ҳам ахолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказа олмаслигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, жорий йил анча серташвиш, яъни парламент сайлови ўтказиладиган йил. Демак, фуқаролар ва жамиятнинг ҳақиқий аҳволи яна анча вақт номаълумлигича қолади.
XS
SM
MD
LG