Линклар

4 миллион доллар ҳавога учди

  • Садриддин Ашур

Интернетда тарқатилган хабарларга қараганда, Орол денгизининг Возрождение оролидаги ташландиқ омборда сақланаётган сибирь куйдиргиси қўзғатувчиларини зарарсизлантириш жараёни муваффақиятсиз якунланди.

Возрождение ороли собиқ иттифоқ даврида биологик қуроллар синаладиган полигон эди. Бу ердаги катта лаборатория мажмуи 1972 йилгача фаолият кўрсатган. 1988 йилда оролга Россиядан сибирь куйдиргиси қўзғатувчиларидан бир неча тоннаси келтириб кўмилганди.

Республика вирусология институти директори Шабон Хўжаевнинг айтишича, мазкур касалликни чақирадиган таёқчалар жуда хавфли бўлиб, юз йилгача ўз кучини йўқотмайди.

Биологик қурол синаладиган дунёдаги энг йирик полигонни демилитаризация қилиш, уни зарарсизлантириш мақсадида АҚШ Давлат департаменти 4 миллион доллар маблағ ажратган эди. АҚШнинг халқаро тендерда ғолиб чиққан “Рейзион текникал сервисез” компанияси 2002 йил апрель ойидан мазкур лойиҳани амалга оширишга киришди. Лойиҳага Ўзбекистоннинг бир неча манфаатдор вазирлик ва идоралари ҳам жалб этилди.

Хабарларга қараганда, сибирь куйдиргиси қўзғатувчилари жойланган 11 та контейнерни топган америкалик мутахассислар уларни очиб, ичидаги моддаларни текшириб кўрган. Сўнг эса хлор билан аралаштирилиб, қайтадан контейнерларга жойлаб кўмилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида тузилган шартноманинг сибир куйдиргиси жойланган контейнерларни оролдан олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги банди бажарилмаган.

Биология фанлари доктори, профессор Олег Митрополскийнинг сўзларига қараганда, америкалик мутахассислар деярли ҳеч қандай ижобий натижага эришмаган.

“Энг асосийси, бу лойиҳага жуда катта маблағ сарфланди, лекин, назаримда, бундан самара бўлмади, бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен ўз вақтида бу кўмилмаларнинг усти Чернобилдаги сингари бетонлаб ташланиши ҳақида гапирган эдим. Чунки сибирь куйдиргисини йўқ қиладиган восита ҳозирча йўқ”, деди у.

Профессорнинг таъкидлашича, оролдаги вазият ҳамон табиат ва инсониятга хавф солмоқда. Чунки Орол денгизининг қуриши оқибатида Возрождение бугунги кунда ярим оролга айланиб қолган. Яъни у катта ер билан туташган. Табиийки, чўл кемирувчилари, масалан, юмронқозиқлар оролда пайдо бўлади. Улар сибирь куйдиргиси синаб кўрилган чорва моллари кўмилган қабристонларни ковлаши эҳтимоли мавжуд. Бу эса эпидемия тарқалиши хавфини келтириб чиқаради.

Академик, биолог Бекжон Тошмуҳаммедовнинг сўзларига қараганда, оролда бундай қабристонлар жуда кўп. Уларда кўмилган чорва молларида куйдирги ва бошқа турдаги бактериологик қуроллар синаб кўрилган. Шу боис, аввало, бу қабристонлар жойлашган ҳудудлар аниқланиб, уларнинг усти бетонлаб ташланиши керак.

Мутахассисларнинг фикрича, оролнинг катта ерга қўшилиши сибирь куйдиргиси тарқалиши хавфини янада кучайтирган. Бунинг олдини олиш учун Возрождение ороли қаттиқ иҳоталаниши, қабристонлар эса кемирувчилардан ҳимояланиши лозим. Олимлар муаммонинг бундан бошқа ечимини топа олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG