Линклар

Ҳеч кимга ўхшамайдиган "Фаровонлик"


Тўлқин Хабарларга кўра, Ўзбекистонда Фаровонлик партияси тузилаётгани эълон қилинган. Партия ташаббус гуруҳи фаолларининг айтишича, Фаровонлик янги мингйилликнинг мутлақо янги типдаги партиясидир.

2003 йилда Ўзбекистонда мухолифатдаги сиёсий кучларнинг жонланиши, янги партияларнинг майдонга келиши кузатилди. Мазкур йил охирларида эса (26 декабрда) Фаровонлик партиясини тузишга киришилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Тузилажак партия етакчиси бўлиши кутилаётган қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Қурбон Розиқовнинг айтишича, партия ташаббус гуруҳи тузилган, унинг дастури моҳияти ҳақида жамоатчиликка ахборот берилган.

Партиянинг асосий мақсади ва вазифалари ҳақидаги маълумотда келтирилишича: “Фаровонлик партияси сиёсат билан шуғулланмайди,(?!) у ҳокимиятга ҳам интилмайди, кланлар ва гуруҳлар манфаатини, алоҳида минтақалар, диний ва миллий тоифалар ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди. Бу партиянинг асосий ғояси - бутун Ўзбекистон халқи учун фаровонликни талаб қилиш ва таъминлашдан иборат”.

Ушбу маълумотда партия ҳукумат олдига ялпи ички маҳсулотни йилига беш фоиз ошириш талабини қўйиши кўрсатилган. Агар бу кўрсаткич бажарилмаса, ҳукумат истеъфога чиқиши керак.

Қ.Розиқовнинг таъкидлашича, партия ҳозирча рўйхатдан ўтиш, парламентга номзодлар кўрсатиш каби фаолият билан шуғулланмайди. У ўз сафига мутахассисларни кўпроқ жалб этиш, аъзолар сонини кўпайтириш, мустақилликнинг 12 йили давомида мамлакат иқтисодиётида йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш, тўғри тавсияларни ҳукуматга етказиш йўли билан ислоҳотларда иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ташаббус гуруҳи вакилларининг сўзларига қараганда, ҳозир кўпчилик партияга хайрихоҳлик билдирмоқда. Тез орада бу партиянинг таъсис йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.

Уларнинг айтишича, Фаровонлик партиясининг сиёсий партия эмаслигига (?!) сабаб, сўнгги вақтларда ижтимоий масалалар биринчи планга чиққан ва бу янги ҳаракатнинг асосий мақсадини белгилаб берган.

Мустақил кузатувчи Сергей Ежковнинг таъкидлашича, партия ҳукуматдан нимадир талаб қилиш учун тузилмайди. Партия ҳукуматга ўз дастури, аниқ вазиятдан чиқиш йўлларини таклиф этиш мақсадида тузилади.

С.Ежковнинг бидиришича, партия ўз олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш учун, албатта, ҳокимиятга интилиши лозим.
XS
SM
MD
LG