Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:05

ИРОҚДА АМНИСТИЯ


8 декабр куни АҚШ расмийлари Ироқ уруши бошланганидан буён ҳибсда сақланаётган 100 га яқин ироқликни озодликка чиқарди. Иттифоқчи кучларнинг Ироқдаги Муваққат маъмурияти бошлиғи Paul Bremer га кўра, ҳибсда сақланаётган ироқликлар ўз оилаларига қайтдилар.

Бу тадбир мамлакатда барқарорлик ўрнатиш йўлида қўйилаётган бир қадам сифатида баҳоланмоқда.

Бағдод Марказий қамоқхонаси (собиқ Абу Ғрайб турмаси) дан чиққан собиқ аристонларни оломон - уларнинг оила аъзолари қувонч билан кутиб олди.

Иттифоқчи кучларнинг Ироқдаги Муваққат маъмурияти бошлиғи Paul Bremer амнистия эълон қилар экан,

- Ўз ватандошлари билан муросаи-мадора қилишни истаганлар ниятини рағбатлантириш мақсадида, бугун ҳибсда сақланаётганлардан юзлаб кишининг озод қилинишини, улар ўз оилаларига қайта олишларини эълон қилмоқчимиз. Уларнинг 100 кишидан иборат биринчи гуруҳи эртага озод қилинади, - деди.

Маълумотларга қараганда, шу кунда Ироқ қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд маҳбус бор. АҚШ расмийлари яқин бир неча кун ичида 500 нафар атрофидаги маҳбус озодликка чиқарилишини айтмоқдалар. Озод қилинаётганлар ҳужжатлари ҳарбийлар текширувидан ўтган қарийб 1200 кишининг бир гуруҳидир.

8 январ куни Бағдод Марказий қамоқхонаси дарвозаси олдида ўз яқинларининг озодликка чиқишини орзиқиб кутганлар орасида бағдодлик Дифаф Обид ҳам бор эди. Чунки унинг отаси Ҳикмат Обид ва икки акаси ҳам мана бир неча ойдирки турмада.

Ҳикмат Обид Саддам Ҳусайн даврида давлат амалдорларидан бири бўлган. У дипломат эди. Ливан ва Эронда ишлаган, Баас партияси аъзоси бўлган эди. Ҳикмат Обиднинг ёши ўттизлардаги қизи Дифаф хоним отасининг қандай қўлга олингани, унинг шу кунда қайси турмада сақланаётганини билмайди. "Отам АҚШ ҳарбийлари ўтган йил баҳорида бостириб кирганларидан буён уйдан чиқиб кетганича дараги йўқ, у ҳақда шу пайтгача ҳеч нарса эшитганим йўқ", - дейди Дифаф Обид.

У отасининг дипломатик лавозимлардаги хизмати ёки етакчи партияга аъзолиги билан боғлиқ бирон- бир жиноятга алоқадор эканлигига ишонмайди.

- Мен ироқлардан бириман, бегуноҳ кишиларни қамаганлари учун америкаликлардан норозиман. Акаларим ҳам, отам ҳам айбсиз. Улар мутлақо айбсиз. Шунинг учун ҳам ғазабим қайнайди. Шунинг учун ҳам мен шу атрофда кўрганим америкалик аскарларга қараб "Мен сизлардан нафратланаман, ҳамма ёқни ости-устин қилиб юбордингизлар дедим", - дейди Дифаф Обид.

Лондондаги Иқтисодиёт ва Сиёсат институтининг Ироқ бўйича мутахассиси Яҳё Саид, маҳбусларнинг авф этилиши Ироқда кескинликни юмшатишга хизмат қилиши мумкинлигини, аммо бу қадамнинг кутилмаган ҳодиса эмаслигини айтади.

- Саддам Ҳусайн режими ағдарилганидан кейин муроса ва ярашув йўлида қандайдир ҳаракат бўлиши кутилаётган эди. АҚШнинг бу стратегиядан кўзлаётган мақсади қаршилик ҳаракатига қўшилувчиларни курашни тўхтатишга рағбатлантиришдир, - дейди британиялик мутахассис.
XS
SM
MD
LG