Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:02

Қозоғистон ОАВ қонуни ҳукумат кўзойнагими?


Қозоғистонда яқинда қабул қилинган Оммавий Ахборот Воситалари борасидаги қонун тўғрисида бир-бирини инкор қилувчи фикрлар мавжуд.

Қозоғистоннинг Фалокатдаги Журналистлар ташкилоти рахбари Разлана Таукина бу қонун журналистлар хуқуқларини деярли йўққа чиқарганлигини айтади.

"Масалан газета бирор хорижий ахборот агентлиги хабарини кўчириб босган тақдирда, маъсулият ўша агентлик эмас балки хабарни кўчириб босган нашр зиммасига юкланади. Қонунда ахборот манбаини ошкор қилмаслик хуқуқи йўққа чиқарилган. Унга кўра журналист хукумат сўровига биноан ахборот манбаини ошкор қилиши шарт.Хуллас, қонун журналистлар ҳуқуқларини мутлақо йўққа чиқарди,"

Аммо қозоғистонликлар орасида янги қонун тарафдорлари ҳам талайгина.Уларнинг фикрича ОАВ тўғрисидаги қонун қозоқ тилининг жамиятдаги мавқейини кўтаришга хизмат қилар экан.
Қозоғистондаги Халқаро алоқалар институти ректори, профессор Файзулла Ўрозов гапиради:

"Бу қонун Қозоқ тилидаги радиоэшиттириш ва телекўрсатувларнинг хамма эшитадиган ва кўрадиган пайтда тақдим қилинишини кафолатлайди."

Бироқ Фалокатдаги Журналистлар ташкилоти рахбари Разлана Таукина айни қонун талаблари журналистлар ва мухаррирлар зеҳнида ички цензурани шакллантиришга хизмат қилишини айтади.

"Бу қонуннинг тор доираларида журналистлар ички цензурага, мухаррирлар эса қўрқоқликка мубтало бўлади. Хамма гапни Эзоп, тилида яъни қизим сенга айтаман келиним сен ҳам эшит тарзида баëн қилишга тўғри келади.”

Профессор Фатхулла Ўрозов эса Қозоғистон матбуоти учун цензура зарур деб хисоблайди.

"Цензура керак деб ўйлайман. Масалан Санди Таймс газетаси президентимиз оиласидаги икир-чикир тафсилотларни элга овоза қилди. Шу керакми? Менимча керак эмас. Бундай пайтда цензура жуда асқотади."

Оммавий Ахборот Воситалари ҳақидаги қонун Қозоғистон Парламенти қуйи палатаси Мажлиси томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Мажлис депутати Омонгелди Айтали журналистлар ва халқаро ташкилотларнинг бу қонун юзасидан билдираëтган танқидларини асоссиз, деб хисоблайди.

"Қонун хамма нарса очиқ бўлиши керак деб талаб қўйди. Ахборот манбаси сўраладиган бўлди. Бунинг нима ëмон томони бор, шаффофлик демократия талаби эмасми."

Мажлиснинг яна бир депутати Ерхосил Абилқосим махаллий матбуотнинг Россия манфаатларига хизмат қилишига тоқат қилиб бўлмайди, янги қонун эса бунга чек қўйишини айтади.

"Мен нафақат матбуотнинг ғарб нуқтаи назарини ифодаловчи минбар бўлишига,балки Россия манфаатларини химоя қилишига ҳам мутлақо қаршиман".

Лекин Қозоғистон Парламентидаги ҳамма депутатлар ҳам сўз эркинлигини жиловлаб қўйиш тарафдори эмас. Масалан Сенат депутати Зауреш Батталова қабул қилинган қонун мамлакатни авторитаризм сари етаклашини таъкидлайди.

"Биз дунëга фақат хукумат кўзойнаги билан қарасак,фақатгина ҳукумат айтган сўзларнигина тингласак,оқибатда бир шахс бошқарувидаги авторитар мамлакатга айланамизку".

Қонун хозирча Парламентнинг қуйи палатаси, Мажлис томонидан қабул қилинди.

У кучга кириши учун юқори палата Сенат томонидан тасдиқланиб Президент қарори билан тадбиқ қилиниши керак. Яқинда АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл янги қонунни қайта кўриб чиқишни сўраб Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга мактуб ëзган эди.

Қозоғистон раҳбарининг бу тавсияга амал қилиш - қилмаслиги хозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG