Линклар

АҚШ МАЪМУРИЯТИ СОБИҚ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ АЙТГАНЛАРИНИ ЖИДДИЙ ҚАБУЛ ҚИЛМАСЛИККА ЧАҚИРДИ

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Президенти Жорж Буш Саддам Ҳусайнни хокимиятдан четлаштиришни 11 сентябр портлашларидан олдин, Оқ Уйга келган илк кунларида режалаган. Бу ҳақда 2002 йилда Буш маъмуриятида молия вазири бўлиб ишлаган ва кейинчалик лавозимидан бўшатилган Пол о-Нил баёнот берди. Шунингдек, Вашингтон собиқ расмийсининг яқин кунлар ичида Буш ҳақидаги хотиралари жамланган китоби ҳам нашрдан чиқиши кутилмоқда.

(Зебинисо:) Мазкур воқеани матбуот орқали кузатган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон бугун студияда. Ҳурмат дастлаб, собиқ Молия Вазири Пол о-Нил президент Буш тўғрисида айтганлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

(Ҳурмат Бобожон:) Зебинисо, ҳақиқатан Буш маъмуриятининг юқори мартабали собиқ расмийси бўлган Пол о-Нил Жорж Буш Оқ Уйга келиши биланоқ, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайнни ҳарбий йўл билан хокимиятдан четлаштириш пайига тушганини баён қилди. Шу ўринда Пол о-Нил истеъфосига қадар, яъни 2002 йилнинг декабригача Буш маъмуриятида Молия Вазири ва айни пайтда АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси ҳам бўлганини эслаб ўтиш керак.

Деярли бир соат давом этган "Си-Би-Эс" телеканали мухбири билан суҳбатда Пол о-Нил Буш хатти-ҳаракатларини хотирлар экан, унинг энг бошидан "Саддам Ҳусайн ёмон ва у хокимиятдан кетиши керак", деган фикрда бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, Пол о-Нил Бушнинг раҳбар сифатида бошқарув услубини ҳам танқид қилди. Нилнинг гувоҳлик беришича, "маъмурият йиғинларида Буш гўё ўзини карлар орасида кўрдай тутади". О-Нил йиғинларда Буш одатда жим ўтиргани ва деярли ҳеч қачон саволлар бермаганини таъкидлади. АҚШ собиқ молия вазирининг хотиралари жамланган Президент Буш ҳақдаги китоби сешанба куни нашрдан чиқиши кутилмоқда.

(З): Ҳурмат, АҚШ раҳбари Жорж Бушнинг Ироққа бостириб кириш режаси ҳатто 11 сентябр портлашларидан олдин ҳам бўлганини исботловчи бирон далил борми Пол о-Нилда?

(ҲБ): Собиқ вазир хотиралари асосида китоб ёзган "Уол Стрит Жорнал" газетаси мухбири Рон Саскинднинг айтишича, у Буш Оқ Уйга келганининг дастлабки уч ойида Президент ва унинг раҳбарияти қандай қилиб Ироққа қарши уруш бошлаш ва шу йўл билан Саддамни ағдариш планини мухокама этганликларини тасдиқловчи хужжатларни Пол-о Нилдан олган. Яъни сешанба куни чиқиши кутилаётган айни китоб нафақат собиқ вазирнинг айтганларига, балки у тақдим этган 19 минг ҳужжатга асосланади. Айни ҳужжатларга кўра, Буш маъмурияти ходимлари Ироқда тинчлик ўрнатиш ва Ироқ нефтидан фойдаланиш вариантларини мухокама этганлар. Саскинд китобида айни ҳужжатлар, Саддамдан кейинги Ироқ плани деб қайд этилади. Аммо, Тайм журнали мухбири билан суҳбатда Пол-оНил ўзининг Оқ уйдаги қарийб икки йиллик фаолияти давомида Саддам Ҳусайн режими оммавий қирғин қуролларига эга эканини исботловчи бирон ишонарли далил кўрмаганини айтган.

(З):Пол о-Нил баёнотига Оқ уй тарафидан қандайдир муносабат айтилдими?

(ҲБ): Оқ уй маъмурияти, қолаверса Бушнинг ўзи собиқ молия вазирининг баёноти ва чиқиши кутилаётган китоб юзасидан ҳозирча муносабат билдиришмади. Президент матбуот идораси эса улар китоб тақризи билан шуғулланмасликларини айтишди. Оқ уйнинг бир вакили эса О-Нил вазир бўлиб ишлаб юрган пайтда ҳам унинг гапларига қулоқ солмас эдик, энди нима учун уни эшитишимиз керак, дея маълум қилди. Аммо, АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси аъзоси, республикачи бўлган Марк Фоли Пол о-Нил баёнотини Президент Бушга орқаваротдан урилган ҳанжар сифатида таърифлади. АҚШнинг ҳозирги савдо вазири Дон Эванс эса, Пол о-Нилнинг Жорж Буш маъмурият йиғинларида ўзини карлар орасида кўрдай тутади деган гапини инкор этиб, аксинча АҚШ раҳбари қизғин тортишувлар ишқибози эканини ва у тортишувлар давомида бахслашишни ёқтиришини айтган.

(З): Хўш, Пол О-Нил тарафидан айтилган Буш ҳақидаги бу маълумотлар, унинг хотиралари жамланган китобининг чиқиши АҚШ раҳбари обрўсига таъсири қанчалик бўлиши мумкин? Бу ҳақда кузатувчилар қандай фикрда.

(ҲБ): Пол о-Нил баёноти, айниқса бўлажак президентлик сайловлари арафасида, Президент Жорж Буш сайловни ютқизадиган даражада бўлмаса ҳам қайсидир маънода унинг обрўсига путур етказиши мумкинлиги айтилмоқда. Қолаверса, собиқ молия вазирининг баёноти сўнгги пайтларда Буш номига қарата айтилган энг оғриқли, энг танқидий баёнот бўлган. Айрим манбъаларда эса, Пол о-Нил баёноти айнан президентлик сайловлари арафасида уни обрўсизлантиришга уриниш экани ҳам назардан соқит қилинмайди.
XS
SM
MD
LG