Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

ҚИРҒИЗИСТОНДА ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ


Эътиқод эркинлигига доир Қирғизистондаги вазият тўғрисидаги бир мақолада расмий рўйхатдан ўтган диний жамоалар ҳам, қайд этилмаганлари ҳам бу мамлакатда бирдай эркин фаолият юритаётганлиги эътироф этилган. Бироқ, айни пайтда мамлакат жанубидаги 6 масжиднинг ёпилиши билан боғлиқ можаро ҳалигача давом этмоқда.

Норвегияда жойлашган "Форум 18" деб аталувчи ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича мухбири Игор Ротар яқинда Қирғизистонга сафар қилиб, мамлакат пойтахтида ҳамда жанубий минтақаларида бўлди.

Ротарга кўра, диний жамоаларни расмий рўйхатдан ўтказиш тўғрисида 1996 йили Қирғизистон Президенти имзолаган фармон мавжудлигига қарамай, рўйхатдан ўтмаган жамоалар ҳам эркин фаолият олиб бормоқда.

- Диний жамоалар расман рўйхатдан ўтишлари шарт бўлгани билан, рўйхатдан ўтмаганлар жиддий муаммога дуч келмайди. Бу соҳада Қирғизистондаги вазият жуда яхши. Чиндан ҳам, диндорларнинг жиддий муаммолари йўқ. Минтақанинг бошқа мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистондаги вазиятни Қирғизистондагидай деб бўлмайди. Бу мамлакатларда расмий рўйхатга олинмаган диний жамоалар йиғилиши иштирокчилари охир-оқибат қамалиши, ўта жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин, - деди Игор Ротар, Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервюсида.

Қирғизистондаги эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, Ротар бу мамлакатда Хизб-ут-Таҳрир аъзоларининг қувғин қилинаётганлигини ҳам эътироф этади.

Минтақадаги бошқа давлатлардаги каби Қирғизистонда ҳам Исломий халифалик қуриш ғоясини омма орасида ёйишга ҳаракат қилаётган халқаро исломий ташкилот - Хизб-ут-Таҳрир таъқиқланган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги ваколатхонаси бошлиғи Markus Muller Қирғизистондаги эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятга журналист Игор Ротар берган баҳога қўшилади.

- Диний жамоалар бу ерда асосан жуда эркин фаолият олиб бормоқда. Ва мен уларнинг жиддий муаммоларга йўлиққанларини эшитган эмасман. Балки, баъзилар исломий жанггарилар гуруҳи, деб ўйлаётган Хизб-ут-Таҳрир билан боғлиқ вазият истиснодир. Бу гуруҳ баъзи муаммоларга дуч келаяпти, - дейди ЕХҲТ вакили Markus Muller.

Бироқ, журналист Ротар ўз мақоласида қирғизистонлик маҳаллий амалдорлар томонидан диндорларнинг ҳуқуқлари бузилиши оқибатида юз берган баъзи можаролар тўғрисида ҳам ёзган.

Жалолобод вилоятидаги бир туман ҳокими ўтган йили 6 масжидни давлатга қарашли ерда қонунга хилоф равишда қурилган, деган даъво билан ёпиб қўйди. Вилоятнинг Бозорқўрғон туманидаги ўқитувчилар ўқувчиларнинг уйда намоз ўқимасликларини, Ўш вилоятининг Қорасув шаҳридаги баъзи мактабларда эса, ўқитувчилар қизлардан дарсга рўмолсиз келишни талаб қилган.

Бу воқеалардан бир неча ҳафта ўтгач, минтақага сафар қилган журналистнинг ёзишича, мактаб ўқувчиларига ўтказиб келинган босимга барҳам берилган, бироқ, ёпиб қўйилган масжидлар ҳалигача қайта очилмаган.

Игор Ротарга кўра, республикада насроний миссионерлар ўз фаолиятлари доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса, маҳаллий аҳолининг норозилигини қўзғамоқда.

Бишкеклик Сталбек Нурмамбет уули бу ҳолатни фуқаролараро тинчликка таҳдид деб билади.

- Бу ҳолат келажакда жанжал чиқишига олиб келиши мумкин, деб ўйлайман. Улар одамларни пул билан ўзларига жалб қилишаяпти. Ислом дини тарғиботини ҳам кучайтириш керак, - дейди бишкеклик Сталбек.

Насронийликнинг республикада фаолият олиб бораётган айрим оқимлари (масалан, Исои Масиҳ черкови) баёнотларига қараганда, мамлакат бўйлаб уларнинг 10 мингга яқин аъзоси бўлиб, шу жумладан 40 фоизи маҳаллий миллатлар вакилларидир.
XS
SM
MD
LG