Линклар

logo-print

АҚШ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганига қарамай ҳарбий сохада ҳамкорлик давом этади

  • Ҳурмат Бобожон

Буш маъмурияти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан қониқиш хосил қилмаётганини баён қилди. Америкада чиқадиган "Вашингтон пост" газетасининг ёзишича, АҚШ Давлат Департаменти расмийлари Ўзбекистоннинг Президент Ислом Каримов бошчилигидаги авторитар ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашнинг уддасидан чиқа олмаганини билдирганлар.

Вашингтон расмийларига кўра, гарчи инсон ҳуқуқлари борасида собиқ Совет давлатларининг бари ёмон кўрсаткичга эга бўлса-да, уларнинг ҳеч бирида вазият Ўзбекистондагидек аянчли даражага тушмаган.

Маълумки, АҚШ ҳукуматининг молиявий ёрдам ва бошқа дастурлари у ё бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари яҳшиланишини талаб этади. АҚШнинг "Нанн-Лугар" дастури ҳам бундан мустасно эмас. АҚШ сенатори Сам Нанн ва Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Ричард Лугарлар тарафидан 1991 йилда ишлаб чиқилган ва улар номи билан аталувчи мазкур дастур собиқ Совет ҳудудида ядровий қурол ва технологиялар тарқалиши хавфини бартараф этишга қаратилган.

Бироқ, АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Лоу Финтернинг айтишича, 31 декабрда Президент Жорж Буш қабул қилган қарорга мувофиқ, гарчи Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати "Нанн-Лугар" дастури бўйича мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашнинг уддасидан чиқмаган бўлса-да, бу дастур Ўзбекистонда давом эттирилади.

Бундай қарор, АҚШ расмийларининг изоҳ беришларича, АҚШ миллий манфаатларидан келиб чиққан холда қабул қилинган. Яъни, Вашингтон раҳбарияти назарида, АҚШ миллий манфаатлари собиқ СССРнинг асосий уран етказиб берувчи давлати бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни тақазо этади.

Қарорга изоҳ берар экан АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Адам Эрели шуларни айтди: "Биз Ўзбекистон билан талабларни амалга ошириш йўлларини мухокама қиляпмиз. Ўзбекистон раҳбариятига ҳукуматнинг энг олий даражасида қийноқлар қораланиши ва уларни тўхтатишга қаратилган қатъий чоралар қўллаши, қийноқлар оқибатида юз берган ўлим холлари юзасидан тергов ўтказилиши, мамлакатда ҳам маҳаллий ҳам халқаро ноҳукумат ташкилотларга ҳеч қандай тўсиқларисиз фаолият юргизишларига, мухолиф партияларнинг рўйхатдан ўтказишга имкон берилиши, мусулмонлар ва бошқа диний гуруҳлар ҳуқуқлари таъминланишини кутаётганимизни билдирдик".

"Вашингтон пост" газетасига кўра, яқинда АҚШ Давлат Котибининг Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Элизабет Жонс ҳам Ўзбекистоннинг Америкадаги элчиси Абдуллазиз Комиловга Президент Буш қарорини маълум қилди ва айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини яҳшилаши кераклигини урғулади. "Ушбу мақсадга эришиш учун АҚШ Ўзбекистон билан ишлашни давом эттиради", - деган жумладан Элизабет Жонс.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Хьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ Давлат Департаменти баёнотини Ўзбекистондаги давомли сиёсий репрессиялар икки давлат ўртасидаги муносабатларга зиён етказиши мумкинлигидан дарак берувчи огоҳлантирув сигнали сифатида кўрмоқда. Ташкилот вакили Вероника Санта Голстон бу ҳақда шундай деди: "Бизнингча мазкур қарор, АҚШнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятидан қониқиш хосил қилмаётганини эътироф этишдаги дастлабки муҳим қадамдир. Биласиз, ўтган давр мобайнида АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида илгари силжиш рўй берганини таъкидлаб келди. Аслида у ерда ўзгариш кузатилмаган. Бу сафар эса биз АҚШ Давлат Департаменти қарорини мамнуният-ла қабул қилдик. Чунки айни қарорда АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги талаблар бажарилмаганини эътироф этади".

Хьюман Райтс Уотч вакилининг айтишича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши холларига қарамай, Америка бу давлатга "Нанн-Лугар" дастури доирасида молиявий ёрдам бераётганини иккиюзламачилик сифатида тушуниш нотўғри. "Ўзбекистонга бериладиган молиявий ёрдамлар, авваламбор АҚШ манфаатларини кўзлайди. Мазкур дастур ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Шу боис Вашингтон бунинг учун Ўзбекистонга молиявий кўмак берилиши керак, деб ҳисобламоқда. Аммо, булар ортида АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятидан қониқмаётгани ҳақидаги огоҳлантируви турганини ҳам унутмаслик керак".

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Вероника Санта Голстон фикрлари эди.

АҚШ ҳукумати ва халқаро ташкилотларнинг қатор огоҳлантиришларга қарамай, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ўзгаришсиз қолмоқда. Ва ниҳоят, буни АҚШ Давлат Департаменти расмийлари ҳам эътироф эта бошладилар. АҚШ Давлат Департаменти расмийларидан бири, "Вашингтон пост" мухбирига "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятида ортга қайтиш бўлмаганини, ва айни пайтда илгари силжиш ҳам кузатилмаганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат Департаментининг Ўзбекистон бўйича оҳирги ҳисоботи ўтган йил март ойида эълон қилинган ва унда Каримов ҳукумати демократик тамоиллар ва инсон ҳуқуқларини топтаётгани, мамлакат қамоқхоналарида 6 ярим минг эътиқоди учун қамалганлар мавжудлиги ва мухолиф партияларнинг расман рўйхатдан ўтишларига изин берилмаётгани танқид қилинган эди.
XS
SM
MD
LG