Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:55

Ўзбекистон ҳукуматига Рим статути таҳдид соладими?


Шайбон Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мамлакатдаги қийноқлар борасида ўз ҳисоботини эълон қилди.

Мазкур ҳисобот анча кенг қамровли бўлиб, унда дастлаб мамлакатда қийноқлар ва оммавий репрессияларнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳақида қисқача маълумот берилади. Келтирилган маълумотларга кўра, қийноқлар ва репрессиялар аслида Президент Ислом Каримовнинг ўз мавқеини сақлаб қолиш, мухолифатни мамлакат сиёсий саҳнасидан четлатиш мақсадида амалга оширила бошлаган. Бунинг учун ҳуқуқ-тартибот идораларига махсус танлов асосида ўта шафқатсиз шахслар жалб этилган. "Бу шахслар ҳозир ҳам фуқароларни жисмонан йўқ қилиш билан машғул", дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, Президент мавқеини сақлаб қолиш йўлида фаолият кўрсатаётган тузилмаларнинг қийноқларни бас қилиб, бу борада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси махсус маърузачиси Тео ван Бовен томонидан билдирилган тасвияларга амал қилиши мутлақо тасаввур этиб бўлмайдиган ҳолдир.

“Демократик ташаббус” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Искандар Худойберганов ҳисоботдан келиб чиқадиган фикрларга қўшилишини билдирар экан: “Тео ван Бовен тавсияларининг биринчи бандида ҳукумат қийноқлар мавжудлигини ошкора тан олиши лозимлиги кўрсатилган. Тавсиялар ҳунуз инобатга олинмаётир. Бу эса ҳукумат мазкур масалада амалий ҳаракатлар қилиш ниятида эмаслигидан далолатдир. Т.ван Бовен Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш ҳақида ҳам тавсия берган эди. Амалдорлар Жаслиқ концлагери масаласини ўрганиб чиқамиз деса, билингки бу ҳеч қандай иш қилинмаслигини англатади”, деди.

Тео ван Бовен тавсияларидан бирида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қийноқлар қўллагани аниқланса, улар тегишли равишда жазоланишини таъминлаш лозимлиги кўрсатилган. Ҳисоботда айтилишича, гарчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 235-моддасида айни шундай ҳолат юзасидан жавобгарлик белгиланган бўлса-да, у амалда қўлланилмайди.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, ЖКнинг 231-моддаси ҳам адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарган судьяларнинг жавобгарликка тортилишини назарда тутади. Лекин Ўзбекистонда адолатсизлик қилган бирор судьянинг шу модда бўйича жазога тортилгани йўқ.

Ҳисоботда расмий Тошкент қийноқларни тўхтатиш борасида ҳеч қандай чора-тадбир кўрмаслиги маълум қилинган. Бунинг сабаби эса қуйидагича изоҳланган: “Ўзбекистон ҳукумати Тео ван Бовен тавсияларини қабул қилса, мамлакатда қийноқлар оммавий тус олгани ва ҳукумат инсонларга қарши жиноятга йўл очиб бергани маълум бўлади. Бу эса Ўзбекистон раҳбарияти Рим статутининг геноцид ва инсониятга қарши жиноят бандлари бўйича Халқаро жиноий судга тортилиши лозимлигини кўрсатиб қўяди. Шу боис ҳукумат тавсияларни қабул қилмайди ва қийноқлар мавжудлигини тан олмайди”.

Аммо И.Худойберганов Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар мавжудлигини тан олса-олмаса, халқаро судга тортилиши мумкинлигига урғу берди. Унинг айтишича, бунинг учун етарли асослар топилади.
XS
SM
MD
LG