Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:44

Қамоқхоналарда қийноқлар авжида


12 январь куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида яқинлари қамоқ жазосини ўтаётган 7 нафар муслима хорижий журналистлар билан учрашди.

Уларнинг таъкидлашича, Навоий шаҳридаги 64/29 сонли жазони ижро этиш колониясида жамоа бўлиб намоз ўқигани учун маҳбуслар турли қийноқларга солинмоқда. Уларнинг яқинларига ёзган мактублари эса қамоқхона маъмурияти томонидан очиб ўқилаётир. Маҳбусларнинг мактублари эса ушлаб қолиняпти. Муслималарнинг бу ҳақда Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилган мурожаатларига ижобий жавоб берилмаётган экан.

“Бошқармадагилар шундай ҳуқуқбузарликларга учраган маҳбусларнинг аниқ исмларини келтиришимизни сўрамоқда. Лекин биз ўша мазлумнинг кимлигини аниқ кўрсатсак, унга тажовуз янада кучаяди ва у шаҳид кетади. Шундай ҳам кўп фарзандларимиз қурбон бўлди”, деди аёллар.

Яна бир аёл маҳбус фарзандига ёзган хатлари унга етиб бормаётганини билдирди. “Болам ўша колонияда ўтирганига тўрт йил бўлди, деди у. Шу вақт ичида ундан 3-4 та хат олдим, холос. Фарзандимнинг қамоқхонада қай аҳволга тушганини ўз кўзим билан кўрганман. Уни назоратчилардан 20 таси резина тўқмоқ билан ҳушидан кетгунча калтаклаган. Кўрсам баданида кўкармаган жойи йўқ”.

Муслималарнинг айтишича, улардан икки нафари 6-8 январь кунлари Навоийдаги қамоқхонада сақланаётган яқинларини кўргани борган. Улар шу кунлар давомида жами 25 маҳбуснинг жазо изоляторига (СИЗО) ташланганига гувоҳ бўлган. Бунга маҳбусларнинг жамоа бўлиб намоз ўқигани сабаб бўлган. Бундан ташқари, маҳбуслар шафқатсиз қийноқларга солинган.

Ўзбекистон Президентининг амнистия тўғрисидаги фармони асосида айрим маҳбуслар озодликка чиқарилмоқда.

Лекин, муслималарнинг билдиришича, улар ўз айбларига иқрор бўлиб, кечирим сўраган маҳбуслардир. Ўз эътиқодидан қайтмаган, узр сўраб ариза ёзмаганлар амнистияга тушгани йўқ.

Ушбу материал тайёрланаётган вақтда “Озодлик” мухбирига яна бир муслима қўнғироқ қилиб қолди. Унинг айтишича, айни пайтда Жаслиқда жазо муддатини ўтаётган ўғли Акром Мухторовни амнистияга туширмаслик учун бўйнига айб қўйиб (қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик), қаттиқ калтаклашган.

Кузатувчилар бу ҳолатлар Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар камаймаётгани, аксинча кучайиб бораётганини кўрсатишини таъкидламоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, айбини бўйнига олмаган ва Президентдан кечирим сўрамаган маҳбуслар тўқиб чиқарилган айблар билан турли қийноқларга солинмоқда.
XS
SM
MD
LG