Линклар

logo-print

Чордара сув омбори муаммоси ечим топмоқда


Ҳакимбек Хабарларга кўра, яқинда Чимкент шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон вакиллари иштирокида Сирдарёда сув сатҳининг кўтарилиши ва Чордара сув омборида юзага келган хавфли вазиятни биргаликда ечиш масаласида музокаралар ўтказилган.

Маълумотларга қараганда, Сирдарё ўзанидаги Чордара сув омборида бугунги кунга келиб 4 миллиард 376 милион куб метр сув тўпланган. Гарчи у 5 миллиард 200 миллион куб метр сув тўплаш қувватига эга бўлса-да, айни пайтда сув омборига келиб тушаётган сув миқдорининг ниҳоятда кўплиги мутахассисларни ташвишга солмоқда. Чунки сув омборидаги сув миқдорини хавфсиз даражада ушлаб туриш ундан кўпроқ сув чиқариб юборишни талаб этади. Бироқ кўп сув чиқарилиши Қозоғистоннинг Сирдарё ўзанидаги айрим ҳудудлари сув остида қолишига олиб келади.

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, музокарада қатнашган томонлар муаммо ечими борасида келишувга эришган. Яъни Қирғизистон Норин ГЭСи орқали Сирдарёга ташланаётган сув миқдорини секундига 500 куб метргача камайтиришни ўз зиммасига олган. Бунга жавобан Қозоғистон январь ойидан бошлаб Қирғизистонга 15 минг тонна мазут ва 85 минг тонна кўмир етказиб беради. Ўзбекистон эса Арнасойга ташланаётган сув миқдорини секундига 650 куб метрга кўпайтиришга рози бўлган. Бироқ Ўзбекистондаги мутасаддилардан бу ҳақда маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Норин ГЭСи Сирдарёнинг Чордарадан юқори оқимида жойлашган. Арнасой Чордара билан деярли туташиб кетган.

Хўш, Арнасойнинг ўзида ҳозир аҳвол қандай?

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази бошлиғи Бахтиёр Шариповнинг айтишича, 3-4 январь кунлари Арнасой сув омбори ва кўли ўртасидаги тўғонда тошқин хавфи кузатилган. Аммо тегишли чоралар кўрилгандан сўнг бу хавф бартараф этилган.

Сирдарёнинг юқори оқимида жойлашган Қирғизистон қиш фаслида ўзининг электр энергиясига бўлган талабини Тўқтағул сув омборидан (аслида у қишда сув тўплашга мўлжалланган) қўшимча сув олиш ҳисобига қондирмоқда. Натижада Тўқтағулдан оқиб чиқадиган катта миқдордаги сув Сирдарёнинг қуйи оқимидаги сув омборларини тўлдириб, тошқин хавфини келтириб чиқаради. Вазиятни назорат қилиш эса кўп ҳолларда Чорадара тўпланган ортиқча сувни Арнасой кўлига ташлаш орқали амалга оширилади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири Ҳидоят Валиевнинг таъкидлашича, муаммони бу усулда ечиш қўшимча муаммолар келтириб чиқаради. Яъни кўл сатҳининг кўтарилиши натижасида катта майдондаги яйловлар, йўллар, иншоотлар сув остида қолиши мумкин. Бундан ташқари, кўл атрофидаги ҳудудларда шўрланиш ҳам кучайиб кетади.
XS
SM
MD
LG