Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Адвокатлар эътиборга муҳтож


Турсун Бек Ўзбекистон Президентининг адвокатура тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги 1998 йил 25 декабрдаги фармонида ҳокимликлар адвокатларни жой ва коммуникация воситалари билан таъминлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Аммо ҳужжат қабул қилинганига шунча йил ўтганига қарамай, Сирдарё туманлараро юристлар ҳуқуқий маслаҳатхонаси раиси Шукур Нурматовнинг айтишича, вилоят мутасаддилари уни ижро этишга шошилаётгани йўқ. Вилоят адвокатлар раёсати таркибида 66 нафар адвокат бор. Бироқ улар жуда ёмон шароитларда фаолият кўрсатмоқда, раёсат офисида телефон ва электр токи йўқ, иситиш тизими ишламайди.

Сирдарё туманидаги адвокатура маслаҳатхонаси ташландиқ ётоқхона биносида жойлашган. Бу ётоқхона эса гиёҳванд ва фоҳишаларнинг тунги "қароргоҳи" вазифасини бажаради. Ҳуқуқшунос Холбек Саидовнинг сўзларига қараганда, фуқаролар бу ерга келиб адвокатлардан ҳуқуқий ёрдам сўрашга ор қилади.

Ш.Нурматовнинг таъкидлашича, адвокатлар учун шароитларни яхшилашни сўраб, маҳаллий ҳокимликларга бир неча марта мурожаат қилинган. Давлат раҳбари чиқарган фармонни мутасадди амалдорлар ижро этмаса, буни фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаш мумкин, деди у.
XS
SM
MD
LG