Линклар

Ойлар давомида эгасиз ётган жасад топилди


Нурбек Самарқандлик 50 ёшли Николай Вестков хонадонидан унинг жасади топилди. Ўтказилган текширишлар натижасида марҳум кўп ойлар муқаддам вафот этгани маълум бўлди.

Қизиғи шундаки, унинг ўлганидан буён шунча вақт ўтса ҳам, бундан ҳеч ким хабар топмаган. У яшаган уй эса дайди мушуклар ва турли паррандалар маконига айланган.

Маълумотларга қараганда, марҳум ўз уйида ёлғиз яшаган. Унинг уч фарзанди ва турмуш ўртоғи эса бир неча йил муқаддам Россияга кетиб қолган.

Марҳумнинг қўшниси Екатерина Пакатаеванинг сўзларига қараганда, Н.Вестков ёлғиз қолгандан сўнг қарийб икки йилча уйидаги жиҳозларини сотиб кун кўрган.

Хабарларга кўра, Н.Вестковнинг ўлгани тасодифан маълум бўлган. Унинг уйидан пастдаги қўшнининг хонадонига сув тома бошлаган. Қўшни эса бу ҳақда уй бошқарувчисига мурожаат қилган.

Уй бошқарувчиси Меҳри Мўсинованинг айтишича, улар Н.Вестковнинг хонадони эшигини бузиб кирганида паррандаларнинг қарийб ўн сантиметрлик чиқиндиси остида ётган одам суякларига дуч келган.

“Н.Вестковнинг ўлганига тахминан икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса керак. Уй деразаларидаги баъзи ойналар бўлмагани сабабли жасад ҳидини ҳеч ким сезмаган. Шунча вақт давомида бедарак кетган Н.Вестковнинг тақдири билан ички ишлар ходимлари ҳам, Али Қушчи маҳалласи фаоллари ҳам қизиқмаган”, дейди уй бошқарувчиси.

Самарқанддаги Темирйўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Ринат Васильевнинг айтишича, марҳум тахминан 6-7 ой муқаддам вафот этган бўлиб, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётган экан.
XS
SM
MD
LG