Линклар

logo-print

Сергей Ежков - штат қисқариши қурбони


Шайбон Хабарларга қараганда, “Правда востока” газетасининг етакчи мухбирларидан бири Сергей Ежков штатлар қисқартирилиши сабабли ишдан бўшатилган.

С.Ежков ички ишлар ва миллий хавфсизлик тизимидаги коррупция, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий таназзул ҳақидаги кўплаб танқидий-таҳлилий мақолалари билан танилган.

Газета бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасановнинг айтишича, “Правда востока” сўнгги вақтларда молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда. Шу сабабли газета ҳузурида махсус комисия тузилган бўлиб, унга инқироздан чиқиш йўлларини топиш вазифаси юклатилган. Жумладан, мазкур вазиятдан чиқиш учун штатларни қисқартириш ҳам кўзда тутилган.

Б.Ҳасанов ҳозирча штатлар қисқариши ҳақида қарор чиқмагани, С.Ежков ҳам барча ходимлар қатори ишлаётганини маълум қилди.

С.Ежковнинг ўзи эса бош муҳаррирнинг айтганларини инкор қилди. Унинг сўзларига қараганда, куни-кеча комиссия йиғилиши бўлиб ўтган ва унда қисқартирилган ходимлар рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатда ўзининг ҳам номи бор.

“Менинг ишдан бўшатилишимга танқидий мақолаларим сабаб. Шу пайтгача бундай чиқишларга чидаб келган ҳукумат мулозимларининг сабр косаси тўлган кўринади. Менинг ишдан кетишим аслида газета ходимларига қилинадиган тазйиқларнинг бошланишидир. Зеро, бош муҳаррир Б.Ҳасановнинг ҳам ишдан олиниши кутилмоқда”, деди С.Ежков.

Журналистнинг фикрича, “Правда востока” ҳукумат нашри бўлишига қарамай, бир неча бор мухолиф фикрларни кўтариб чиққан. Табиийки, бу ҳолат эътибордан четда қолмаган.

Маълумотларга қараганда, С.Ежков ўзбекистонлик журналистлар орасида биринчилардан бўлиб ички ишлар ва миллий хавфсизлик тизимидаги коррупция ҳақида танқидий мақолалар ёзган. Бунинг учун эса ўз вақтида ошкора тазйиқларга ҳам учраган.

“Озод овоз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев С.Ежковнинг ишдан бўшатилиши матбуот эркинлигини бўғиш эканини таъкидлади. Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев эса бу ҳолатни ўзбек журналистикасига берилган зарба, дея таърифлади.

С.Ежковнинг айтишича, ишдан бўшатилиши тўғрисида буйруқ чиққандан сўнг унга бошқа иш топиш учун икки ой муддат берилади.

“Бу муддат тугагач, кейинги қўйиладиган қадамларим ҳақида ўйлаб кўраман. Ҳозирча ҳеч нимани режалаштираётганим йўқ”, деди журналист.
XS
SM
MD
LG