Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Муҳаррир ишдан олинди


Хабарларга қараганда, Бухоро вилоятида нашр этиладиган “Бухоро ёшлари” газетаси бош муҳаррири Саидбурхон Қодиров кутилмаганда ўз вазифасидан озод этилган.

“Бухоро ёшлари” газетаси уч йилдан буён чоп этилади. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Бухоро вилояти бўлими унинг муассиси ҳисобланади. Кузатувчиларнинг айтишича, мазкур газета мавқеи жиҳатдан вилоятда иккинчи ўринда туради. Мактаб ўқувчилари ва талабалар унинг асосий ўқувчилари ҳисобланади. С.Қодиров газета ташкил этилгандан буён унга раҳбарлик қилган.

Мустақил манбаларнинг маълум қилишича, газета бош муҳаррири муассис талабларига жавоб бермагани сабабли ишдан олинган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган С.Қодировнинг айтишича, унинг фаолиятидан ғоявий-сиёсий хато топилмаган. Уни интизомсизликда айблаб ишдан бўшатишган.

“Камолот”нинг вилоят бўлими раҳбари Садриддин Шаропов ҳам С.Қодировнинг ишдан олинишига унинг журналистик фаолияти ёки сиёсий қарашлари эмас, балки ўз ишига масъулиятсизлиги сабаб бўлганини маълум қилди.

Бухоро вилоятидаги етакчи нашр ҳисобланадиган “Давр” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Асадов эса С.Қодировни ёзувчи ва журналист сифатида ҳурмат қилишини, лекин унинг вазифасидан бўшатилишига сабаб айнан ишдаги тартибсизлик эканини таъкидлади.

Хабарларга кўра, С.Қодиров бундан буён ҳам газета ижодий ишларига масъул шахс сифатида фаолиятини давом эттиради. Бош муҳаррир вазифасини бажараётган Адолат Акромова эса бу лавозимга вақтинчалик тайинланган.
XS
SM
MD
LG