Линклар

Ўзбекнинг самолёти қуёшдан куч олади


Саида Тошкент давлат авиация институтида қуёш энергияси асосида ишлайдиган енгил самолётлар лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Институт ўқитувчиси, техника фанлари номзоди Азиз Султоновнинг Ўзбекистон Фан ва технология маркази грантини олишга эришгани мазкур лойиҳани амалга оширишга имкон яратди.

А.Султоновнинг айтишича, ушбу грант дастури асосида институтда махсус қишлоқ хўжалиги самолёти, фуқаро ва юк ташиш авиалайнерларининг эскизлари лойиҳалаштирилади.

Олимнинг сўзларига қараганда, космик станциялар қуёш энергиясидан олинган электр энергияси ҳисобига ишлайди. Авваллари уларда ҳар бир квадрат метр юзадан 50-100 Ватт электр энергияси олинган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 300-600 Ваттни ташкил этмоқда.

Ўзбек мутахассислари яратмоқчи бўлаётган самолётнинг лойиҳаларига ҳам двигателларнинг қуёш нуридан олинган электр энергияси ҳисобига ишлаши асос қилиб олинган. Яъни моторлар электр энергияси ҳисобига ишлагани сабабли бундай самолётлар ёқилғи талаб қилмайди.

А.Султоновнинг таъкидлашича, 2 километргача баландликда уча оладиган бу самолётларнинг халқ хўжалигида фойдаси жуда катта бўлади. Масалан, газ ва нефть қувурлари, электр узатиш тармоқлари ва қўриқхоналар, чегараларни назорат қилишда, атмосферада тадқиқотлар ўтказишда, геологоразведка ишларида бундай учувчи аппаратларнинг ўрни беқиёс бўлиши мумкин. Шунингдек, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ривожлантиришда ҳам самолётлар жуда зарур.

Олим Ўзбекистонда авиация заводи ва кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юрти борлиги, аммо конструкторлик бюроси йўқлиги соҳада сезиларли ўзгаришлар қилишга халақит бераётганини таъкидлади.

“Янги самолётнинг эскиз моделларини ясаш имконияти чеклангани кишида хавотир уйғотади. Бу лойиҳанинг тезда якунланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Модел ясашда зарур бўладиган аэродинамик қувурлар нафақат институтда, балки Тошкент авиация ишлаб чиқариш корхонасида ҳам йўқ”, деди А.Султонов.

Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистонда амалга оширилган ва оширилаётган илмий лойиҳаларнинг тақдири ҳамма вақт ҳам ижобий кечмайди. Айрим муҳим лойиҳаларнинг амалга тадбиқ этилмагани ҳолатлари кузатилган.

А.Султоновнинг айтишича, мазкур лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш мумкин. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозларни эса хориждан олиб келиш имконияти бор.

Олимнинг маълум қилишича, лойиҳа ижодкорлари грант миқдорини ошириш ҳақида Фан ва технологиялар марказига мурожаат қилган. Агар бу мурожаат инобатга олинса, лойиҳа сифати яхшиланиб, уни бажариш муддати тезлашар экан.
XS
SM
MD
LG