Линклар

Россиядан ўзбекларнинг жасадлари келмоқда


Садриддин Ашуров, Тўлқин Ҳар йили Ўзбекистонга Россияда ишлаётган ўнлаб фуқароларнинг мурдалари келади. Норасмий маълумотларга қараганда, Россияда ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ киши турли ишлар билан банд.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россиядан ўлиги келаётган ўзбекларнинг аксарияти турли жиноятлар қурбони бўлмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса хорижда ишлаётган фуқаролари тақдирига ҳамон бефарқ. Ўзга юртларда ўлдирилган ўзбекларнинг қотиллари мутлақ кўпчилик ҳолларда жазосиз қолиб келяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, ҳукумат хорижда ишлаётган фуқароларини иложи борича ҳимоя қилмасликка ҳаракат қилмоқда. "Чунки бу ҳукумат учун ўз фуқароларининг бир тийинлик ҳам қадри йўқ", дейди у.

Унинг айтишича, 2002 йилда Жиззах вилоятига тўрт йигитнинг жасади келган. Бироқ маъмурлар бу ҳолатга муносабат билдирмаган.

“Ўз фуқаролари тақдирига бунчалик эътиборсиз бўлган ҳукуматнинг тутган йўлини ҳам жиноят сифатида талқин қилиш мумкин”, деди Т.Ёқубов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғаниев Россияда ишлаётган ватандошларимиз хавфсизлиги ва саломатлиги ҳеч ким томонидан кафолатланмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, ўзбекларнинг ўлиги хорижда хор бўлиб қолиб кетгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов 2003 йилда биргина Жондор туманига тўртта ўлик келтирилганини маълум қилди. Мазкур жамиятнинг Андижон вилояти бўлими раиси Саиджаҳон Зайнобиддинов фақат Андижон шаҳрининг ўзига 1995 йилдан буён хориждан 5-6 фуқаронинг мурдаси олиб келинганини билдирди.

“Озодлик” мухбирлари хорижда қонуний ва ноқонуний мигрант сифатида ишлаётган ўзбек фуқароларининг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоялангани масаласига Ўзбекистон маъмурларининг муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази бўлим мудири Ҳожиакбар Муслимовнинг айтишича, бу масала эндигина кўтарилмоқда. Марказ чуқур ўрганиш мақсадида мазкур муаммони кун тартибига қўйишни режалаштирмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, хорижда қонуний равишда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо ноқонуний мигрантлар борасида бундай деб бўлмайди.

Миллий марказ ходимларидан бири Мирзабой Абдуллаев эса хорижда юрган ҳар қандай фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши юзасидан Ўзбекистоннинг ўша давлатдаги элчихонаси ва консуллигига мурожаат қилиши қонунларда акс этганини таъкидлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик ва ҳуқуқ бўлими ходими Маман Исмоиловнинг билдиришича, фуқароларимиз хорижда бирор жиноят қурбонига айланганда мамлакатимизнинг ўша давлатдаги консуллиги вакили вазиятни ўрганади ва тегишли тартибда чора кўрилишига эришади. Бироқ чет элларда ўлдирилган ватандошларимиз сони Ташқи ишлар вазирлигида қайд этилмайди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакили эса бундай фуқаролар сони рўйхатга олинишини, лекин бошлиқнинг рухсатисиз бу ҳақдаги маълумотларни бериб бўлмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG