Линклар

Як-40 ҳалокати: террорчилик аломатлари йўқми?

  • Садриддин Ашур

14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 13 январда Тошкент аэропортида юз берган Як-40 самолёти ҳалокати сабабларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Бош прокурор Рашид Қодиров, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Эгамберди Полвоновлар иштирок этди.

Р.Қодировнинг сўзларига қараганда, самолёт йўлакка қўна олмаган ва унинг қаноти аэропорт атрофидаги бетон тўсиқларга тегиб кетган. Натижада самолёт Файзобод маҳалласидан оқиб ўтадиган Қорасув ариғига қулаган. Шундан сўнг у портлаб кетган. Самолётдаги йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Бош прокурор самолётда террорчилик ҳаракатлари амалга оширилганини тасдиқловчи аниқ далиллар йўқлигини маълум қилди.

Бироқ, ҳалокат гувоҳларидан бирининг таъкидлашича, самолёт 20 метрча баландликда бўлган вақтда унинг қаноти ёнаётгандек кўринган. Ерга урилганда эса икки марта кучли портлаш эшитилган ва кучли аланга ҳосил бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Термиз-Тошкент йўналиши бўйича HY1154 рейсини бажараётган Як-40 самолёти ҳалокати оқибатида 32 йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлгани расман маълум қилинди. Қурбонлар орасида тўрт аёл ва битта ёш бола борлиги айтилмоқда. “Озодлик” мухбири фожеа жойида ёш боланинг куйган жасадини ўз кўзи билан кўрди.

Бундан ташқари, самолётда тўрт нафар хорижлик фуқаро бўлгани ҳам тасдиқланди. Улардан икки нафари Афғонистон, бири АҚШ, яна бири Буюк Британия ва Австралия фуқаросидир.

Ҳалок бўлганлар орасида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ричард Конрой, АҚШнинг “Уорлд концерн” инсонпарварлик ташкилоти вакили Пеннер Ричард Ҳенри ҳам бор.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, барча жасадлар топилган. Мурдалар тиббий экпертиза ўтказиш учун топширилган.

Р.Қодировнинг сўзларига қараганда, Президент Ислом Каримов ҳалокат содир бўлгандан кўп ўтмай воқеа жойига етиб келган. У қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш ҳақида кўрсатма берган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура жиноят иши қўзғади. Р.Қодировнинг айтишича, ҳозиргача авиакомпания ходимларидан юздан ортиғи сўроқ қилинган. Ҳалокат сабабларини ўрганиш мақсадида Бош вазир Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Маълумотларга қараганда, ушбу самолёт 1975 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, учиш ресурси 38 минг соатни ташкил этади. Ҳалокат вақтигача у 37 минг соат учган. Сўнгги марта 1999 йилда Минск шаҳрида таъмирдан чиқарилган.
XS
SM
MD
LG