Линклар

logo-print

БЕРЛУСКОНИ УСТИДАН МАҲКАМА ДАВОМ ЭТАДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Сешанба куни Италия Конституциявий Суди ҳукуматдаги айрим расмийларга дахлсизлик мақомини берувчи қонунни конституцияга хилоф деб топди. Италия Конституциявий Суди ҳакамлари фикрича, Қонун олдида барча, шу жумладан Бош Вазир Берлускони ҳам тенг бўлиши керак.

(Фарангис Саид): Мазкур ходисага оид тафсилотларни матбуот орқали ўрганган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда.
Ҳурмат, айтингчи Италия Конситуциявий Судининг сешанба кунги қарори Бош Вазир Сильвио Берлускони учун нимани англатади?


Ҳурмат Бобожон: Оддий қилиб айтганда, Фарангис, мазкур қарор Италия Бош Вазири Сильвио Берлускони устидан Миланда бошланган маҳкамани яна давом эттириш имкони пайдо бўлганини англатади. Ёдингизда бўлса, илгари Италия Бош Вазири порахўрликда айбланиб, маҳкамага тортилган. Аммо, июн ойида бош вазир ва яна тўрт нафар олий мартабали Италия расмийсига дахлсизлик мақомини берувчи қонун қабул қилиниб, Берлускони жиноий жавобгарликдан қутилган эди.
Британияда чиқадиган "Guardian" газетасида босилган "Берлускони устидан маҳкама яна давом этади" сарлавҳали мақолада Италия Конституциявий маҳкамасининг сешанба кунги қарори суд жараёнлари давом этиши учун йўл очгани ёзилади.

(ФС):Ҳурмат, мана сиз Италия Бош Вазири порахўрликда айбланиб, Миланда маҳкамага тортилгани ҳақда айтдингиз. Қандай порахўрлик ҳақида гап кетяпти? Ким кимдан пора олган, ким кимга пора берган, мана шулар ҳақда батафсилроқ гапириб берсангиз.

(ҲБ):Ўзи аслида Италиянинг энг бой одамларидан бири ҳисобланган ва мамлакатда улкан бизнес империясига эга Бош Вазир Силвио Берлускони сўнгги 10 йил мобайнида юзлаб ҳолат юзасидан Италия Молия полицияси нишонида бўлиб келган. Сўнгги ходиса эса Италиянинг давлат тасарруфидаги озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи "SME" ширкати билан боғлиқ. Эслаб ўтиш жоиз, унга эгалик қилиш учун кураш 1980 йилда, яъни жаноб Берлускони ҳали катта сиёсатга келмасидан олдин бошланган. Берлускони мазкур жараённи, яъни "SME" ширкатига эгалик қилиш масаласини ўз фойдасига ҳал қилиш учун судяларга пора берганликда айбланмоқда. Аммо, Бош Вазирнинг ўзи бу айбловларни рад этган.

(ФС):Ҳурмат, Италия Конституциявий Судининг Берлускони даҳлсизлигини бекор қилувчи қарори юзасидан ҳукумат аъзолари, хусусан Бош вазирнинг ўзи муносабат билдирдими?

(ҲБ):Ҳозирча Бош Вазир Сильвио Берлускони мазкур қарор юзасидан муносабат билдирмади. Аммо, унинг ҳимоячиси ва айни пайтда иқтидордаги "Форза" партиясидан Парламент депутатлигига сайланган Николо Гедини бу масала бўйича фикр билдириб, Бош Вазир дахлсизлигининг бекор қилиниши Берлускони учун катта фожиа эмас, деб таъкидлади. Бироқ, Берлускони тарафдорларидан фарқли, италиялик сиёсий таҳлилчилар, аксинча Берлускони учун мазкур қарор шармандали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда.

(ФС):Ҳурмат Италия Конституциявий маҳкамаси давлат ва ҳукумат раҳбарининг дахлсизлигини кафолатловчи Парламент олға сурган қонуннинг қайси жиҳатларига асосланиб уни конституцияга зид, деб топган?

(ҲБ):Италия Конституциявий Суди вакилларига кўра, июн ойида мамлакат Парламенти қабул қилган Бош вазир ва бошқа ҳукумат расмийларининг дахлсизлигини таъминловчи мазкур қонун, барча фуқаролар қонун олдида тенгдирлар, деган тамойилга зиддир. Сўнгги ойларда шу қонун Берлускони мухолифларининг кескин қаршилигига учраган эди. Ҳукуматга мухолифатда бўлган сўл-марказчи кучлар Берлусконини жиноий жавобгарликдан озод этувчи қонун бекор этилишини ва мазкур масала умумхалқ мухокамасига қўйилиши кераклигини талаб этиб, Конституциявий Судга мурожаат этишган. Энди улар Конституциявий суд қароридан мамнун эканликларини билдиришмоқда. Италиядаги сўл-марказ кучлар етакчиси Франческо Рутелли бу ҳақда шуларни баён қилди: "Бу жуда яҳши кун бўлди. Чунки Конституциявий Маҳкамамиз демократик ҳаётимизнинг ниҳоятда муҳим онларида эркин ва мустақил равишда қарор қабул қилишга қодирлигини намойиш этди", - деди Франческо Рутелли.
XS
SM
MD
LG