Линклар

logo-print

ЭРОН. СИЁСИЙ БЎҲРОН ДАВОМ ЭТМОҚДА

  • Сарвар Усмон

Эрондаги консерватив кучлар - уламолар назоратидаги Посбонлар Кенгаши ислоҳотлар тарафдорлари бўлган 3 минг номзодни парламент сайловларидан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Мамлакат парламентининг ислоҳотлар тарафдорлари бўлган бир неча ўн депутати бундан 4 кун аввал парламентдаги иш жойларида ўтириб норозилик билдира бошлагандилар.

Эрон Президенти Муҳаммад Ҳотамий 4 кундан буён норозилик акциясини давом эттираётган парламент аъзоларини 14 декабр куни акцияни тўхтатишга чақирди. Президент юзага келган сиёсий бўҳронни мамлакатнинг диний пешволари билан музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилишга умид қилмоқда.

13 декабр куни Президент Ҳотамий, агар Посбонлар Кенгаши ўзининг ислоҳотчи номзодларни парламент сайловларидан четлатиш тўғрисидаги қарорини бекор қилмаса, "биз ё ёппасига кетамиз ёки ҳаммамиз биргаликда қоламиз", деб ўзи бошқараётган ҳукуматнинг истеъфога кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бироқ, 13 декабр куни охирида олинган хабарга қараганда Посбонлар Кенгаши аъзолари ўзларининг якшанба куни қабул қилган қарорларини ўзгартирмаяжаклари тўғрисида яна бир бор баёнот берганлар. Якшанба куни қабул қилинган қарорга асосан, февралнинг 20-нчисига белгиланган парламент сайловларида қатнашишни мўлжаллаб турган 8200 нафар номзоднинг қарийб ярми сайловга қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Эроннинг Олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳаменеий можарога аралашмаяпти.

Мамлакат парламентининг норозилик акцияси ўтказаётган 90 нафар атрофидаги депутати ислоҳотчилар коалицияси аъзоларидир. Улар орасида Президент Ҳотамийнинг укаси ҳам бор.

Ислоҳотчи депутатлардан бири Муҳсин Армин 14 декабр куни Президент Ҳотамий билан учрашди ва норозилик акцияси давом эттирилажагини билдирди.

Маълумотларга қараганда, ислоҳотчи депутатлар келаси шанбадан бошлаб сиёсий очлик эълон қилмоқчилар. Айни пайтда бир гуруҳ депутатлар истеъфо бермоқчи. Депутат Аҳмад Муродий истеъфо беришга қарор қилган депутатлардан биринчисидир.

14 декабр куни Президент Ҳотамий Посбонлар Кенгаши қарорини танқид қилди. Ҳотамий ҳукуматининг кўплаб аъзолари, шу жумладан тўрт вице-президент ва баъзи вазирлар, баъзи вилоятлар ҳокимлари агар Посбонлар Кенгаши ўз қарорини ўзгартирмаса, истеъфога чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бироқ, қатор кузатувчилар, жумладан Теҳрон Университети профессори Садеҳ Зебоқалам расмийларнинг бундай баёнотларини оддий халқ жиддий қабул қилмаётганлигини билдирди.

- Вазирлар ва ҳокимларнинг истеъфо беришларига ишонадиганлар кўп эмас. Кўпчилик бу баёнотларни ислоҳотларни амалга оширишга интилишдан кўра, кўпроқ шунчаки бир иддао, деб қарамоқда, - деди профессор Зебоқалам.

Унинг фикрича, бунинг сабаби ислоҳотчи депутатлар ўзларининг сайловолди ваъдаларини бажармаганидадир.

Хўш, нима учун диний уламолар назоратидаги Посбонлар Кенгаши депутатликка номзодларнинг қарийб ярмини сайловлардан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди?

Кенгаш аъзоларига кўра, сайловдан четлатилган номзодларнинг диний эътиқоди етарли даражада эмас. Бироқ, депутат Меҳди Қаррубий Кенгаш қарорини танқид қилар экан, унда мантиқ йўқлигини таъкидлайди, сайловдан четлатилганлар орасида масжидлардан бирининг имом-хатиби ҳам борлигини айтади.
XS
SM
MD
LG