Линклар

logo-print

Саддам Ҳусайн ёнидан топилган ҳужжат


Фарангис Саид

Озодлик тўлқинларидасиз. Дастуримизни халқаро мавзудаги лавҳа билан давом эттирамиз.

Азиз тингловчи, маълумки, АҚШ Ироққа қарши урушни икки иддао билан бошлаган эди: биринчиси – Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор ва Саддам Ҳусайн уларни истаган дамда АҚШга қарши ишлатиши мумкин. Ва иккинчи иддао – Саддам Ҳусайн Ал-Қайда террор тармоғи ва унинг раҳбари Усама Бин Ладен билан боғлиқ. Ҳозирда ҳар иккала иддаони шубҳа остига қўйиш имкони бор.

Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидириш бўйича шунча вақтдан бери давом этаётган ишлар ҳамон самара бермади. Мана эндиликда иккинчи иддао ҳам асоссизлигини исботловчи далил топилган кўринади.

Саддам Ҳусайн ҳибсга олинганидан сўнг унинг ёнидан топилган ҳужжатга кўра, у ўз тарафдорларининг жиҳод олиб боришни мақсад қилиб олган араб жангарилари билан ҳамкорлик қилишини истамаган. Мана шу мавзуга оид маълумотларни Фарангис Саид ўрганди.

СУ: Фарангис, бу қандай ҳужжат экан?

ФС: Саддам Ҳусайн ёнидан топилган ҳужжат – унинг буйруғи экан. Буни ҳужжатнинг топилганини исмларини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилган АҚШ расмийлари айтмоқдалар.

Буйруқ Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилиб, АҚШ қўшинлари Бағдодга кириб борганларидан кейин чиқарилган ва Ироқнинг коалиция қўшинларига қарши курашаётган гуруҳлар раҳбарларига йўлланган. Ва, сиз айтиб ўтганингиздек, ҳужжатда АҚШ, умуман Ғарб давлатларига қарши жиҳод эълон қилган араб жангарилари билан ҳамкорлик қилманг, дейилади.

СУ: Фарангис, нима сабабдан Саддам Ҳусайн ўз тарафдорларининг жиҳод эълон қилган жангарилар билан ҳамкорлик қилишини хоҳламаган? Бунга тушунтириш беришяптими АҚШ расмийлари?

ФС: АҚШ расмийларига ҳам шу мазмундаги савол берилган кўринади. Уларнинг айтишича, араб жангарилари, аниқроғи хорижлик араблар билан ироқликлар, хусусан Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Баас партияси аъзолари мақсадлари бир биридан фарқ қилиши боис, Саддам Ҳусайн улар билан ҳамкорлик қилмаслик ҳақида ўз тарафдорларини огоҳлантирган.

Умуман оладиган бўлсак, сиз айтганингиздек, шу ҳужжатнинг топилиши, унинг мавжудлиги, ўз вақтида Саддам Ҳусайн томонидан шундай буйруқнинг берилиши Вашингтон иддаоларидан бирини, ҳақиқатан ҳам, яна бир бор шубҳа остига қўйди.

Чунки, бундан олдин Ал-Қайда ташкилотининг ҳозирда Гуантанамода ҳибсда сақланаётган аъзолари ҳам, терговчилар уларни сўроқ қилган пайтда, Усама бен Ладен Саддам Ҳусайн билан бирга ишлашни сўраган жангариларга рад жавобини бергани айтган эдилар.

СУ: Фарангис, лекин ҳозирги пайтда Ироқда араб жангарилари бор ва улар АҚШ қўшинларига қарши кураш олиб боришмоқда. Демак, улар коалиция қўшинларига қарши чиқаётган ироқликлар билан ҳамкорлик қилишмаётган экан-да, шундайми?

ФС: Биринчидан, шуни айтиб ўтиш керакки, кўпгина таҳлилчилар, ҳудди 1980-йилда совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганларидан кейин, Афғонистонга жангарилар кириб боргани каби, Саддам Ҳусайн ғойиб бўлганидан кейин Ироққа ҳам минглаб араб жангарилари оқиб келади, деган фикр билдиришган эди. Аммо, маълумотларга кўра, ҳозирда Ироқда араб жангарилари бор, аммо уларнинг сони катта эмас.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ қўшинларига қарши чиқаётганларнинг 10 фоизини хориждан келганлар ташкил этади. Яъни 200-300 одам атрофида.

Уларнинг Саддам Ҳусайн ҳокимиятининг собиқ аъзолари, ҳозирда коалиция қўшинларига қарши кураш олиб бораётган ироқликлар билан ҳамкорлигига келсак, бу хусусида аниқ бир маълумот йўқ. Ҳарбий маълумотларга кўра, алоҳида ҳужумларни уюштириш, алоҳида терактларни амалга оширишда икки тараф вакиллари биргаликда ишлаётгани ҳоллари кузатилган, яъни бу кўпроқ тактикадаги ҳамкорлик. Аммо кенгроқ, стратегик даражада, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш борасида ҳамкорлик олиб борилаётганини исботловчи далиллар ҳозирча йўқ.

СУ: Демак, айрим Вашингтон расмийлари томонидан ошкор қилинган ушбу ҳужжат АҚШ Ироққа қарши урушни нима сабабдан бошлагани масаласини яна долзарблаштирди. Демак, биз ҳам бу мавзуга яна қайтамиз. Маълумотлар учун рахмат, Фарангис.

Ҳозир эса дастуримизни давом эттирамиз.
XS
SM
MD
LG