Линклар

Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиқиш борасидаги тортишувлар.

  • Ҳасанжон

Грузияда шу ой бошида бўлиб ўтган Президентлик сайловлари натижасида Президент лавозимини эгаллаган Михаил Саакашвили Грузиянинг Россия билан муносабатларини яхшилаш истагини билдирди.

Маълумки, 1992 – 93 йилларда Россия Абхазияга ҳарбий ёрдам бергани натижасида абхаз сепаратчилари Грузия армиясини мағлубиятга учратган эди. Абхазия масаласи икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашиши ва ўзаро ишончсизликка сабаб бўлди. Абхазиянинг Ахалкалаки ва Батуми шаҳарларидаги Россия ҳарбий базаларини ёпиш масаласи Россия ва Грузия муносабатларидаги оғриқли масаладир. Мазкур базалар совуқ уруш даврида Совет ҳукумати томонидан НАТОга қарши барпо этилган. Грузия ҳукумати ҳарбий базаларни ёпиш борасида Россияга бир неча марта мурожаат қилган. Ниҳоят Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида Россиянинг ўша пайтдаги Президенти Борис Елцин мамлакатининг Грузия ва Молдовадаги барча ҳарбий кучларини 2004 йил январ ойигача олиб чиқишга расман ваъда берган. Белгиланган муддат тугади. Аммо Россия ҳукумати Грузиядаги қўшинларини олиб чиқишга шошилмаяпти.

Ўтган ҳафта Грузия Ташқи ишлар вазири Тедо Жапаридзенинг шу масала юзасидан Москвада олиб борган музокаралари бенатижа тугади. Жапаридзе Кремл расмийларига Грузиядаги ҳарбий базаларини ёпиш учун Россияга қўшимча уч йил муддат берилишини таклиф қилди.

Айни пайтда, Вашингтон расмийлари Грузиядаги Россия ҳарбий базаларини ёпиш ва қўшинларни олиб чиқишда молиявий ёрдам кўрсатишни таклиф қилмоқда. 13 январ куни Тбилисида АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Линн Паско Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиқишда АҚШ ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, жаноб Паско Грузия қўшинларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш учун АҚШ Тбилиси расмийларига қўшимча 3 миллион доллар миқдорида маблағ беришини маълум қилди. Бундан ташқари АҚШда ишлаб чиқарилган 77та оғир бронемашина ва ҳарбий машқлар учун керак бўлган бошқа ҳарбий техника аллақачон Грузияга етиб келган.

14 январ куни Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Грузиядаги Россия қўшинларини олиб чиқиш учун 11 йилгача вақт керак бўлишини билдирди. Иванов бунинг сабабини шундай изоҳлади: “Бу масала албатта дипломатик сўзлашувлар орқали ҳал этилиши лозим. Мен шуни таъкидламоқчи эдимки, 90-йиллар бошида биз шошма-шошарлик билан аскарларимиз, зобитларимиз ва қурол-аслаҳаларимизни бўм-бўш ерга олиб келиб, қўшинларни Германиядан олиб чиққанимиз ҳаммага яхши маълум. Бу гал аввалги хато қайтарилмайди”, - деди Россия Мудофаа вазири.

Сергей Иванов Россия Грузиядан ўз қўшинларини олиб чиқишдан аввал, уларга зарур шароитлар яратиш лозимлигини алоҳида таъкидлади: “Биз янги ҳарбий гарнизонлар қуришимиз керак. Энг муҳими, Россия ва Грузия ўртасида икки томонлама шартнома имзоланганидан кейин Россия Молия Вазирлиги қўшинларни олиб чиқиш учун маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқади”, - дейди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Германия ҳукумати мамлакатдан олиб чиқилган қўшинлар учун уй-жой қурилишига ўша пайтда қарийб 8 миллиард немис маркаси тўлаган. Грузия ҳукумати таъкидлашича, Россия ўз қўшинларини олиб чиқиши учун Грузиядан 500 миллион доллар тўлашни сўраган. Бироқ Россия бу маълумотни тасдиқламаган.

Карнеги жамғармасининг мудофаа масалалари бўйича тахлилчиси Александр Пикаевга кўра, Америка бунча катта пулни беришга рози бўлмаса керак.

“Moscow Times” газетаси маълумотига кўра, ҳозирда Ахалкалаки ҳарбий базасида 1 минг 500 ҳамда Батуми базасида 3 минг ҳарбий хизматчи бор. Уларнинг аксарини қисқа муддатли шартнома асосида Россия учун ишлаётган маҳаллий одамлар ташкил этади. “Шу сабаб, Россия Мудофаа вазирлиги расмийларининг ҳарбий базаларни ёпиш ва ҳарбийларни олиб чиқиш узоқ вақт ва катта молия талаб қилиши ҳақидаги иддаолари асоссиз”, - дейилади мақолада.

15 январ куни Тбилисида Грузия раҳбарлари билан учрашган Европа Иттифоқининг Ташқи ва Хавфсизлик масалалари бўйича мутасаддиси Хавиер Солана ҳам Россия ҳукуматини ўз қўшинларини Грузиядан олиб чиқишга ундади: “Мазкур масала юзасидан Европа Иттифоқининг позицияси шундан иборатки, 1999 йилда Истанбулда имзоланган шартнома бажарилиши керак. Бу Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилоти доирасида имзоланган шартномалар. Европа давлатлари, АҚШ ва Россия Федерацияси шу ташкилотга аъзо. Шу сабали биз мазкур шартномалар бажарилишига умид қиламиз”, - деди Хавиер Солана.
XS
SM
MD
LG