Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:12

БиБиСи журналисти шарҳини араблар ҳақоратдек қабул қилдилар.


БиБиСи телевидениесидаги кўрсатув бошловчиси Роберт Килрой Силк араблар шаънига таҳқирловчи, деб кўрсатилаётган фикрлар билдирилгани мамлакатда мунозаралар мавзуига айланди. БиБиСи телевидениесининг кўзга кўринган журналистларидан бири Килрой Силк 4 январ куни “Daily Express” газетасида чоп этилган мақоласида арабларни “ҳудкуш террорчилар, одамларнинг тана аъзоларини кесувчилар ва аёлларга зулм ўтказувчилар”, - деб атаган. Мазкур шарҳ туфайли БиБиСи раҳбарияти Килрой Силк 17 йилдан бери олиб бораётган кўрсатувни тўхтатди ҳамда унинг баёноти юзасидан текширув бошлади.

Британиянинг Ирқий Тенглик Бўйича Коммиссияси Килрой узр сўраши керак, деб талаб қилди. Комиссия раиси Тревор Филипс эса Килрой ўз шарҳи таҳқирловчи эканини тан олиши лозимлигини билдирди.

Шунингдек, Британия Мусулмонлар Кенгаши Килройнинг мақоласини мусулмонлар ва арабларга қарши дея баҳолаб, БиБиСи раҳбариятидан қора танлилар ва яҳудийларга қарши айтилган ножўя шарҳ учун қандай чора кўрилса, Килройга нисбатан айнан шундай чора кўришга чақирди. Бундан ташқари Матбуот Бўйича Шикоятлар Комиссияси ва полиция идорасига ҳам мазкур масалада юзасидан шикоятлар келиб тушган.

Британия Мусулмонлар Кенгаши матбуот котиби Сара Жозеф воқеа ҳақида Озодлик радиосига шундай деди: “Ҳайриятки, БиБиСи Килрой Силк олиб борадиган кўрсатувини тўхтатиб, воқеани жиддий қабул қилмоқда. Шунингдек, Ирқий Тенглик Бўйича Коммиссия ҳам бу масалага жиддий ёндошиб, унга полиция диққатини жалб этди”.

Сара Жозеф ҳозирда халқаро миқёсда юзага келган вазият туфайли Британиядаги мусулмон жамоаларининг камситилиши эҳтимоли кучайгани ва жамоат арбоблари буни тушинишлари кераклигини таъкидлайди.

Килрой Силк билдирган фикрлари ҳақоратдек туюлгани юзасидан афсусланиш билдирди. Силк ўз мақоласида барча арабларни эмас, балки мустабид ва диктаторлик араб режимларини назарда тутганини маълум қилди. Унга кўра, котиби мақолани “Daily Express” газетасига янглиш жўнатиб юборган. Натижада ўтган йил апрел ойида чоп этилган мақоланинг қайта тахрир қилинган варианти 4 январ куни газетада чоп этилган. Килройга кўра, мақоланинг асл нусҳасида гап айрим араб ҳукуматлари ҳақида эканлиги аниқ ёзилган. Бу воқеа Британиядаги сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги моҳияти борасидаги бахсларни келтириб чиқарди.

Британия Журналистлар Иттифоқи матбуот вакили Тим Готшиллнинг Озодлик радиосига айтишича, сўз эркинлиги турли фикрлар ифодаланишига имкон беради: “Биз журналистлар сифатида соғлом фикр билдирилиши тарафдоримиз. Аммо у хурофотга эмас, балки мантиққа асосланган бўлиши лозим. Шу сабаб Килрой сўзларини жиддий хато, деб бўлмайди. Чунки Ростини айтсак, айрим араб давлатларида одамларнинг қўлини ва бошини кесиш холлари бор. Шу сабаб Килройнинг шарҳида қимсан бўлса-да ҳақиқат бўлган. У очиқдан-очиқ ирқий тахқирлаш бўлмаган”, - дейди Тим Готшилл.

Килрой воқеаси ББС учун мураккаб бир пайтга тўғри келди. Маълумки, шу ой охирида ҳакамлар ўз жонига суиқасд қилган қуроллар бўйича мутаҳассис Дэвид Келли иши юзасидан ўз ҳисоботини эълон қилади. БиБиСи радиоси эса Дэвид Келлига асосланиб Британия ҳукумати Ироққа оид разведка маълумотларини бўрттириб кўрсатгани ҳақидаги хабарни эълон қилган. 2006 йилда ББСга берилган лицензия муддати тугайди. Шунинг учун яқин фурсатда уни узайтириш-узайтирмаслик масаласи муҳокамага қўйилади. Танқидчилар фикрича, БиБиСи бизнес дастурларини яхши йўлга қўйгани сабабли бундан буён ташкилотга давлат томонидан маблағ ажратишга ҳожат йўқ.
XS
SM
MD
LG