Линклар

Сенатор Кеннеди: “Буш Ироқ урушини сайловларда ғалаба қозониш учун бошлаган”


Фарангис Саид “Ироқ уруши “сиёсий маҳсулот” бўлиб, у АҚШ Президенти Жорж Буш томонидан ишлаб чиқилган. Бундан мақсад эса келаси сайловларда Республикачилар партиясининг ғалабасини таъминлашдан иборат бўлган”. Бундай баёнот муаллифи – Демократларнинг Конгрессдаги етакчи намояндаларидан бири, отиб ўлдирилган Президент Жон Кеннеди укаси Эдвард Кеннедидир. Баёнот чоршанба куни АҚШнинг янги ва либерал қарашдаги Америка Прогресси Тадқиқот Марказида қилинди.

Кеннеди “Ироқнинг собиқ Президенти Саддам Ҳусайн ҳақиқатан ҳам оммавий қирғин қуролларига эгалик қилганми?”, деган саволга Буш берган жавобни танқид қилди:

- Президент Буш “бунинг нима фарқи бор?”, деб жавоб берди. Фарқ шундаки, жаноб Президент, урушни бошлаш-бошламаслик масаласи айнан шу саволга боғлиқ бўлган. Қўшма Штатларнинг ҳеч бир президенти чалғитувчи мафкура ва бузиб кўрсатилган ҳақиқатдан фойдаланиб, миллатни урушга бошламаслиги керак. Айнан шундай қилган президент эса ҳукумат ва халқ орасидаги ишончни йўққа чиқарди. Агар Конгресс ва Америка халқи тўла ҳақиқатни билганида, Америка ҳеч қачон уруш бошламаган бўлар эди.

Сенатор Кеннедига кўра, Ироққа қарши уруш бошлашга асос бўлган икки иддаонинг тўғрилиги ҳамон исботланмади: Ироқда биологик, кимёвий ёки ядровий қурол топилмади. Саддам Ҳусайннинг Усама бен Ладен ва Ал-Қайда террор тармоғи билан алоқада бўлганлигини исботловчи далиллар ҳам ҳозирча топилган эмас.

“Сохта сабабларга кўра бошланган уруш эса 500 Америка аскари ҳаётини олиб кетди”, - дея таъкидлади Эдвард Кеннеди.

Бундан ташқари, Сенаторга кўра, АҚШ ташқи сиёсати тарихида энг жиддий хатога айланиши мумкин бўлган Ироқ уруши оқибатида Американинг жаҳон аҳолиси, айниқса мусулмонлар орасидаги обрўсига путур етди:

- Уруш оқибатида жаҳонда, айниқса Ислом дунёсида Америкага нисбатан нафрат кучайди. Бу эса фуқароларимизнинг ҳам мамлакат ичкариси, ҳам чет элларда хавфсизлигини таҳдид остига қўйди.

Кеннедининг бундай баёнотига жавобан Оқ Уй Матбуот Котиби Скотт МакКлеллан Ироқнинг бешафқат раҳбарияти ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, жаҳон хавфсизроқ жойга айланганини таъкидлаб, уруш бошлашдан олдин Президент Буш барча дипломатик чораларни қўллаб кўргани, лекин улар самара бермаганини айтди.

Аммо Сенатор Кеннеди фикрича, Ироқ уруши бир мақсад – америкаликлар эътиборини ёмон аҳволдаги мамлакат иқтисодиётидан бошқа масалаларга қаратиб, ноябр ойги сайловларда Республикачилар партияси ва шахсан Президент Жорж Бушнинг ғалабасини таъминлашни кўзлаган.
XS
SM
MD
LG