Линклар

Ҳалокат қурбонлари – ҳукмий шаҳидлар


Шайбон 13 январь куни Тошкентда юз берган фожеа муносабати билан шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари турли ҳалокатлар оқибатида қурбон бўлганлар ислом дини қоидаларига кўра қандай мақомга эга бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

Шайх ҳазратларининг айтишича, фожеа туфайли вафот этган кишилар, бало-офатлар туфайли қурбон бўлганлар ҳақида ҳадислар бор. Масалан, девор босиб қолиб, сувга ғарқ бўлиб, тепаликдан қулаб ўлганлар ҳақида ҳадислар мавжуд. Бундай кишилар ҳукмий шаҳидлар дейилади. Булар шаҳид бўлмайди, лекин шаҳид ҳукмида ўлган ҳисобланади. Чунки улар кутилмаганда, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам хаёлига келмаган бир пайтда қўққисдан юз берган фожеа туфайли дунёни тарк этган бўлади. Бизнинг динимизда уларга шаҳид ҳукми берилади.

Шайх ҳазратлари фожеа туфайли ҳалок бўлганларнинг яқинларига таскин сифатида айтиладиган сўзлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Ҳазратнинг сўзларига қараганда, уларнинг яқинларига марҳум учун шаҳид ҳукми борлиги, сабрли бўлиш лозимлиги ҳақида тасалли гаплар айтилади.

Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф авиаҳалокат оқибатида қурбон бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор этди. “Улар ҳақида дуо-фотиҳаларда бўламиз. Аллоҳ таоло бундан кейин халқимизни бундай бало-офатлардан ўзи сақлаган бўлсин”, деди ҳазрат.
XS
SM
MD
LG