Линклар

logo-print

Ҳалокатга сабаб нима?


Шайбон “Озодлик” мухбири 13 январь куни Тошкентда рўй берган авиаҳалокат сабаблари хусусида соҳа мутахассисларининг муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

Айримлар мазкур ҳалокатга Як-40 самолётининг эски экани сабаб бўлганини айтмоқда. Хусусан, мустақил кузатувчи, авиамуҳандис Алимардон Аннаев ҳам бу фикрга қўшилар экан, Як-40 ва Ан-24 самолётлари бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, шунинг учун дунёнинг аксарият мамлакатлари улардан фойдаланишдан воз кечганини таъкидлади.

Соҳа мутахассисларидан бири Исмоил Ҳамроқулов Як-40 айнан эски бўлгани сабабли ҳалокатга учраган бўлиши мумкин, деган тахминларни рад этди. Унинг айтишича, ҳар қандай самолёт парвоздан олдин давлат авианазорат органлари ходимлари томонидан синчковлик билан текшириб кўрилади. Агар парвозга яроқли топилсагина “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг ундан фойдаланишига рухсат этилади.

Давлат авианазорат бошқармаси ходими Абдусаттор Эрназаров ҳам Як-40 ҳалокатининг асл сабаби унинг эскилиги экани ҳақидаги тахминларни инкор қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча ҳалокат сабаблари ҳақида бирор гап айтиш қийин.

А.Эрназаров ҳалокатга учраган Як-40 самолёти экипажи аъзолари – командир Александр Алексанов, командир ёрдамчиси Акмал Камолов, иккинчи учувчи Рустам Илёсов ва борт муҳандиси Ноил Қурманов малакали мутахассислар бўлганини эътироф этди. Улар ўз вақтида Давлат авианазорат бошқармасининг махсус кўригидан муваффақиятли ўтган экан.

Таъкидлаш керакки, айни пайтда мазкур фожеа сабабларини ўрганиш мақсадида махсус ҳукумат комиссияси тузилган. Ушбу комиссия ҳалокат сабаблари ҳақида расмий хулоса тақдим этади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, махсус комиссия таклифига биноан Тошкентга Давлатлараро авиация қўмитасининг экспертлари келган. Улар самолёт ҳалокати сабабларини ўрганишда иштирок этади. Кузатувчиларнинг эътирофича, авиация ҳалокатларини ўрганишда катта тажрибага эга бўлмаган ўзбекистонликлар учун бу ёрдам айни муддаодир.
XS
SM
MD
LG