Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

Ота қолиб фарзандга…


Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг ўғли Олим Ёқубовга нисбатан тазйиқлар уюштирилмоқда.

Т.Ёқубовнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари Олимни учинчи марта жавобгарликка тортишга ҳаракат қиляпти.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонасида ўз қурултойини ўтказган. Илгари мазкур жамият ташкил этган пикетларда мустақил равишда баъзан қатнашиб юрган Елена Арзуманян исмли кекса аёл гарчи таклиф этилмаган бўлса-да, қурултойга иштирок этмоқчи бўлади. Лекин тадбир ташкилотчилари уни ичкарига киритмайди. Бундан норози бўлган аёл ўртада жанжал чиқариб, шовқин кўтаради. Бироқ Е.Арзуманян барибир ичкарига киритилмайди. Шундан сўнг у милицияга Т.Ёқубовнинг ўғли Олим Ёқубов мени урди, деган мазмунда ариза ёзиб беради.

Т.Ёқубов ўғли устидан иш очилганига уч ой бўлганини маълум қилди. Аслида мени жазолашнинг йўлини қила олишмагач, фарзандларимга ҳужум қилишмоқда, деди у.

Т.Ёқубовнинг айтишича, мазкур иш юзасидан гувоҳлик берганларнинг бири милиция ходими – майор Раҳим Эшовдир.

Жамият аъзоси Клара Ёқубованинг билдиришича, қурултой ўтказилган куни Е.Арзуманянга куч ишлатилмаган. Фақат жанжал кўтаргани учун икки йигит уни қўлтиғидан олиб, ташқарига чиқариб қўйган.

Мустақил кузатувчи, ҳуқуқшунос Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан қилинаётган бундай айланма тазйиқлар уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишга уринишларнинг яна бир кўринишидир.

И.Худойберганов ҳуқуқ ҳимоячиларининг яқинларига нисбатан бундай ҳаракатлар уюштирилишини номардларга хос тазйиқ сифатида баҳолади.
XS
SM
MD
LG