Линклар

Эрон консерваторлари Интернетни бўғишга ҳаракат қилмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Эроннинг консерваторлар назоратида бўлган қўриқчилар кенгаши ўтган хафта ислоҳотчиларнинг асосий интернет нашри бўлган "Эмруз" веб саҳифасини таъқиқлаш ҳақида буйруқ берди. Сўнгги пайтларда мазкур сахифа Эрондаги мухолиф кучлар қарашларини ифода этувчи нашрга айлангани учун, хокимиятдаги консерваторлар уни нишонга олишган, дейишади кузатувчилар.

Ўз вэб саҳифада босилган мақолалари учун қамалиб чиққан Сина Мотабели исмли эронлик журналист эса, "Эмруз" интернет нашри Эрон сиёсий саҳнасида муҳим рол ўйнай бошлаганини айтади.

"Эмруз" веб сахифаси Эронда сўнгги икки йил ичида пайдо бўлган бошқа сиёсий веб сайтлар орасида алоҳида аҳамият касб эта бошлаган эди. Бир томондан, "Эмруз" мутаасисларининг ҳукуматдаги ислоҳотчиларга яқин бўлганликлари учун, нашр энг сўнгги ва эксклюзив хабарларга эга бўлган. Бошқа томондан, саҳифа мутаасислари маълум партия фаоллари бўлмай, ахборот воситаси вакиллари эканликлари учун улар бошқа гуруҳлардан фарқли равишда чекловлардан холи бўлганлар", - дейди эронлик журналист.

Аммо, "Эмруз" фаолияти таъқиқланиши мумкин бўлган ягона интернет нашри эмас. Ўтган ой маҳаллий матбуот Эрон ҳукумати 150та ана шундай веб сахифалар рўйхатини тузиб, уни интернет провайдерларига жўнатгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ, Эроннинг Телекоммуникация Вазирлиги шундай қора рўйхат борлигини рад этди.

Айни пайтда, "Эмруз" ҳимоячилари Эронда интернетдан фойдаланишни чекловчи қонуний асослар йўқлигини даъво қилиб, веб саҳифага қарши чораларни ноқонуний, дея таърифламоқдалар. Эронлик журналист Сина Мотабели эса, бунинг ортида 20 феврал кунига белгиланган Парламент сайловлари олдидан консерватив кучлар "Эмруз"ни таъқиқлаб, ислоҳотчилар қанотини синдиришга ҳаракат қилаётганликларини айтади.

"Бўлажак Парламент сайловларининг муҳимлиги ва у атрофидаги муаммолар асносида, "Эмруз"га қарши ҳаракатларни реформаторларга қарашли сўнгги ахборот воситасига қарши ҳужум сифатида талқин қилиш мумкин", - дейди Сина Мотабели.

Аммо, эронлик журналист консерваторларнинг интернет орқали хабарларнинг эркин оқимини тўхтатиш уринишлари бефойда эканини айтади.

"Техникавий муаммолар уларга веб сахифаларни ёппасига тўхтатишга имкон бермайди. Ҳозирнинг ўзида Эронда тўсиб қўйилган сахифларни очишнинг жуда кўп йўллари, яъни тўсилган тармоқни айланиб ўтиш йўллари бор", - дейди журналист.

Сўнгги йилларда интернет ёндафтарчалар Эронда чинакамига эркин фикр воситасига айланди. 20 мингдан ортиқ веб сахифада секс каби таъқиқланган мавзулардан тортиб, сиёсий жараёнлар ҳақидаги турли-туман фикрларни ўқиш мумкин.

Таниқли эронлик интернет журналисти Ҳусайн Дараҳшон интренет ёндафтарчалари Эрондаги ягона эркин фикр маконига айланганини айтади.

"Ҳозирги пайтда фақат веб нашрларгина Эронда эркин матбуот воситаси сифатида фаолият олиб боради. Веб сахифалар бепул. Фақат Интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлсангиз кифоя. Яъни икки уч дақиқада веб сахифага кириб, фикрларингизни дунё жамоатчилигига ҳавола этишингиз мумкин", - дейди Ҳусайн Дараҳшон.

Аммо, Эрондаги консерваторларни веб саҳифаларда эълон этилаётган сиёсий мазмундаги мақолалар кўпроқ ташвишга солмоқда ва улар шундай мақолаларни эълон этаётган интернет нашрларини тўсишга уринмоқдалар. Эронлик журналист Мотабели бу йўлда улар ҳар хил чораларни қўллаётганликлари, ва ҳатто журналистларни қамоққа ташлаётганликларини айтади.
XS
SM
MD
LG