Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

БМТ ОИТСга қарши оммавий ахборот воситалари ёрдамида курашмоқчи


Фарангис Саид БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган давра суҳбатида дунёдаги 20 энг йирик медиа компанияси раҳбари қатнашди. Йиғинга БМТ Бош Котиби Кофи Аннан, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги Ижроия директори Питер Пиот ва Ҳенри Кайзер жамғармаси Президенти Дрю Алтман раислик қилдилар.

ОИТСга қарши курашда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ғояси илк бор БМТнинг 2001 йил июнда бўлиб ўтган конференциясида билдирилган эди. Ўшандан буён масалада илгари силжиш деярли кузатилмади. Пайшанба кунги йиғинда Кофи Аннан даврнинг энг катта муаммоси бўлмиш ОИТСнинг тарқалишига қарши курашда ОАВ ёрдамидан етарлича фойдаланилмаётганини айтди.

Айни вақтда бу касалликнинг тарқалиши айрим минтақаларда эпидемик тус олган етди. АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги Ижроия директори Питер Пиот буни эътироф этар экан, мана бундай деди:

- Ўтган йили ОИТВ вирусини юқтирган ва ОИТСдан ўлган одамлар сони бундан олдинги йилларга қараганда кўпроқ бўлди. Демак, етимлар сони ҳам кўпайди. Энг даҳшатлиси - бу эпидемиянинг бошланишидир.

Даврнинг энг жиддий муаммосига қарши курашиш вазифасини ўз зиммасига олганлар орасида Майкрософт компанияси раҳбари Билл Гейтс бор. У рафиқаси билан биргаликда “Билл ва Мелинда Гейтс Жамғармаси”, деб номланган ташкилот тузди. Бу ҳақида БМТ йиғинида маълумот берган Билл Гейтс, замонавий технологиялар ва ахборот воситалари ёрдамида ёшлар орасида ОИТСнинг тарқалишига чек қўйиш мумкинлигини таъкидлади.

Йиғинда ОАВдан фойдаланиш йўллари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар аҳолининг турли табақалари ва ижтимоий гуруҳлари учун ҳар хил радио ва телевизион дастурлар ишлаб чиқилиши кераклиги, компьютер ўйинлари ҳам истеъмолчининг савияси, билими, қизиқишига қараб, бир-биридан фарқ қилиши лозимлигини қайд этдилар. БМТ уюштирган давра суҳбати қатнашчилари ОАВнинг ОИТСга қарши кампаниясида маданий урф-одатлар, маҳаллий қонун-қоидалар ҳам эътиборга олиниши керак, деган фикрга келдилар.

Кофи Аннан теле- ва радиодастурларни тайёрлаш ҳақида мана бундай деди:

- Таълим ва кўнгилочар дастурлар бир-бирига зид эмас. Масалан, одамларга манзур бўлган телевизион дастурнинг машҳур қаҳрамони ОИТВ ёки ОИТС касаллигига дучор бўлса, бу, эпидемия ҳақидаги илмий филмни кўришни истамаган, аммо ўзи ёқтирган филмни кўрган томошабин ёки тингловчида катта таасурот қолдириши мумкин.

БМТ Бош Котиби дунёнинг бир неча минтақасида айнан шундай ёндашув қўлланилгани, яъни телевизион спектакл ёки видеофилмлар орқали одамлар ОИТСдан бохабар қилинганини билдириб, саломатликка бағишланган анъанавий илмий-оммабоп дастурлар ёрдамида бундай натижага эришилмаганини айтди.

Ҳенри Кайзер жамғармаси Президенти Дрю Алтман Россиянинг ГазПром-Медиа ширкати ОИТСга қарши курашда фаол иштирок этаётганини қайд этди.

Алтманга кўра, ушбу ширкат ўз телевизион ва радиодастурларида ОИТСга катта эътибор қаратиб, бир неча лойиҳани амалга оширди, махсус дастурлар ишлаб чиқди, тренинглар ўтказмоқда.

Дунёнинг 40 мамлакатида ўтказилган тадқиқот натижалари ёши катталар ҳам, ёшлар ҳам ОИТС ҳақида етарли билимга эга эмасликларини кўрсатган.

ОИТВ одам иммун тақчиллиги вируси бўлиб, у ОИТС касаллигига олиб келади. ОИТС эса орттирилган иммун тақчиллиги синдромини англатади. Ҳимояланмай, жинсий алоқада бўлиш ва наркотик қабул қилаётганда бир игна билан фойдаланиш вирус юқтиришнинг энг кенг тарқалган йўллари ҳисобланади.

Вирус, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатилаётганида, масалан, қон қуйиш жараёнида юқиши мумкин. ОИТС касаллигини даволаш йўли ҳозиргача топилмаган.
XS
SM
MD
LG