Линклар

logo-print

Ироқда сайловлар қандай бўлади?


Фарангис Саид

Озодлик тўлқинларидасиз. Дастуримизни халқаро мавзудаги қисмини бошлаймиз ва эътиборингизни Ироққа қаратамиз.

Бугун Ироқда норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Айни вақтда БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида Ироқ Бошқарув Кенгаши вакиллари ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер БМТ Бош Котиби Кофи Аннан билан учрашмоқдалар.
Бу жараённи Фарангис Саид кузатиб бораётир.

АИ: Фарангис, авваламбор, Ироқдаги норозилик намойиши ҳақида маълумот бериб ўтсангиз. Намойишга чиққанлар нималарни талаб қилишмоқда?

ФС: Маълумотларга қараганда, Бағдод кўчаларига 100 мингдан кўпроқ одам чиққан. Кўчалардан юриб ўтганлар 16 километрга чўзилганлиги айтилмоқда. Уларнинг асосий талабини намойишчилардан баъзилари кўтариб чиққан плакатлардан билса бўлади. Унда “Ҳақиқий демократия ҳақиқий сайловларни англатади”, дейилади. Яъни асосий талаб – Ироқда умумхалқ сайловлар ўтказиш ва бу билан Ироқ халқига янги ҳукуматни бевосита сайлаш имконини бериш талабидир.

Абдулла, ҳозир айрим намойишчиларнинг овозини эшитсак бўлади:

- Барча ироқликлар ягона миллат, уммадир. Маржияга ҳа. Ироқликлар бир уммадир, деб қичқиришяпти Бағдодда норозилик намойишларига чиққанлар. Маржия деганда диний ҳокимият тушунилади.

АИ: Фарангис, демак, намойишчилар бевосита овоз бериш орқали янги ҳукуматни сайлаш имконини талаб қилиб чиқишибди-да Бағдод кўчаларига, шундайми?

ФС: Ҳудди шундай, Абдулла. Бу намойишлар ортидаги асосий шахс – Ироқ шталари етакчиси Оятулло Али Ал-Систоний. У ёзгача ёки ёз давомида умумхалқ референдумини ўтказиш керак, деб таъкидламоқда.

Ал-Систоний фикрича, умумхалқ референдумда ироқликликлар, биринчидан, янги ҳукуматни сайлашлари, иккинчидан эса, АҚШ қўшинларининг Ироқда қолиш-қолмаслиги масаласини ҳам бевосита овоз бериб, ҳал қилишлари керак.

Намойишчилар ал-Систонийни қўллаб-қувватлаётганларини мана бу овозлардан билса бўлади.

“Одамлар сиз билан, Сайид Али”, деб қичқиришяпти намойишчилар. “Сайид Али”, деб улар Ал-Систанийга мурожаат қилишяпти. Шунингдек, бағдодликлар “сайловларга – ҳа, тайинланган ҳукуматга – йўқ”, деб талаб қилишяпти.

АИ: Фарангис, демак, ироқликлар тайинланган ҳукуматни хоҳлашмаяпти. Лекин, АҚШ айнан шу йўлдан бориш керак, яъни ҳокимиятни бевосита сайлаш эмас, балки тайинлаш керак, демоқда, шундайми?

ФС: Тўғри айтасиз, Абдулла, АҚШ раҳбарияти умумхалқ референдумнинг ўтказилишига мутлақо қарши.

Жума куни бу масала Вашингтонда АҚШ Президенти Жорж Буш ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер ўртасида муҳокама қилинган эди. Улар Ироқдаги сиёсий жараён 15 ноябрги шартномага кўра кечиши керак, деб ҳисоблашмоқда.

Бу шартнома 15 ноябр куни АҚШ ва Ироқ Бошқарув кенгаши ўртасида имзоланган эди. Унга кўра, май ойида Ироқнинг 18 вилоятида ироқликлардан таркиб топган муваққат кенгашлар тузилади. Сўнг ушбу кенгашлар аъзолари муваққат миллий ҳукуматни сайлашади. Ва бу билан 1 июлга бориб Ироқ суверенитети тикланади, яъни ҳокимият ироқликлар қўлига ўтади.

АИ: Фарангис, айтиб ўтганимиздек, бугун Ню-Йоркда Ироқ Бошқарув Кенгаши вакиллари ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер БМТ раҳбари Кофи Аннан билан учрашиб, айнан шу, Ироқда сайловлар масаласини муҳокама қилишяпти. Хўш, Кофи Аннаннинг бу масаладаги позицияси қандай?

ФС: Кофи Аннан бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашяпти. Аннан учун энг муҳими – Ироқда хавфсизликни таъминлашдир. Чунки хавфсизлик таъминланмас экан, у ерда, Кофи Аннан фикрича, сайловларга тайёргарлик бошлаш мумкин эмас. Кофи Аннан хусусан БМТ ходимларининг Ироққа қайтиб, у ердаги ишларни давом эттиришга ҳам ҳозирда рухсат бермаяпти.

2003 йил 19 август куни БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳига ҳужум қилингани ва унинг оқибатида Сержио Виейра де Мелё ҳалок бўлганидан сўнг БМТ ходимлари Ироқдан чиқиб кетган эдилар.

Кеча, яъни якшанба куни Ироқда яна бир портлаш содир бўлди. 24 одам нобуд бўлди. Бугун мана норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бу эса Кофи Аннанни ўз позициясини, қолаверса БМТнинг Ироқ масаласига ёндашувини қайта кўриб чиқишга мажбур қиляпти.

АИ: Фарангис, берган маълумотларингиз учун рахмат.

Озодлик тўлқинларидасиз!
Дастуримизнинг халқаро мавзудаги қисмини давом эттирамиз.
XS
SM
MD
LG