Линклар

Рўмол масаласи: Францияга Белгия жўр бўлди


Фарангис Саид

Францияда давлатга қарашли мактабларда дин рамзлари, хусусан муслима қизларнинг ҳижоб ёки рўмол ўраши, яҳудийларнинг тақя кийиши ва насронийларнинг хоч тақиб юришини ман этувчи қонун лойиҳаси устидаги баҳс-мунозаралар давоми ўлароқ, катта норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Пойтахт Парижда шанба куни 3 минг одам кўчаларга чиқди. Уларнинг аксарияти рўмол ўраш ҳуқуқига эга бўлишни истаётган муслима хотин-қизлар эди:

“Биз ака-укамиз, ёки эримизни эмас, рўмолни танлаймиз”, деб қичқиришди парижлик қизлар.

“Франция - сен менинг Ватанимсан, рўмол – сен менинг ҳаётимсан”, деган плакатларни ҳам кўриш мумкин эди.

Франциялик намойишчиларни қўллаб-қувватлаганлар Британия, Ливан, Миср, Иордания, Ироқ, Фаластин ва Кашмирда ҳам юришлар уюштирдилар.

Бу намойишлар Франция раҳбариятининг масала юзасидан танлаган позициясига муносабатдир. Декабр ойида қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, баёнот берган Президент Жак Ширак ўз қарорини Франция Республикасининг пойдеворини ташкил этувчи дунёвийлик тамойилларига риоя қилиш зарурати билан тушунтирган эди.

Аммо 5 миллион франциялик мусулмоннинг кўпчилиги янги қонун эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқлар тенглиги принципларига зид эканини таъкидламоқда:

- Ҳижоб – бу ҳуқуқ, бу эркинлик, тенгҳуқуқлик ва биродарликдир. Рўмол ўраш эркинликни англатади. Биз учун бу шахс қадр-қиммати масаласи. Нима сабабдан бир аёл олди очиқ кўйлак ёки шунга ўхшаш нарса кийиши мумкин-у, биз рўмол ўрай олмаймиз?

Франциялик бу қизнинг фикрига қўшилганлар норозилик намойишлари ўтказаётган бир пайтда, мамлакатда мусулмонларга нисбатан нафрат ҳам кучайиб бораётган кўринади. Якшанба куни Франциянинг биринчи мусулмон префекти, яъни марказий ҳукуматнинг ҳудудий намояндаси Айсса Дермушга қарши суиқасд қилинди. Мусулмон етакчининг автомашинаси портлатиб юборилди. Аммо Дермушнинг ўзи омон қолди. Айрим кузатувчилар бу ҳаракатни Жак Ширак сиёсати маҳсули, дея баҳоладилар.

Францияда сентябр ойидан кучга кириши мумкин бўлган қонун аксил-мусулмон кайфиятлар ва ирқчиликни кучайтирганига қарамай, қўшни Белгияда парламентнинг икки депутати ўхшаш қонун лойиҳасини илгари сурмоқда.

Депутатлар Анне-Мари Лизин ва Алэн Дестекс ҳижоб шахсни таъқиб қилишнинг йўли, дея таъкидлаб, дин белгилари секуляризм асосларига зид бўлгани сабабли, уларни мактаб ва давлат идораларида таъқиқлаш ташаббуси билан чиқдилар.

Улар тақдим этган қонун лойиҳасига кўра, давлат идоралари ходимлари, шу жумладан ўқитувчи, судья, доктор ва полициячиларга динни акс эттирувчи рамзлар, хусусан ҳижоб, тақя ва хоч ман этилиши керак.

Икки депутат таклифи Белгия парламентини икки гуруҳга бўлиб юборди. Кўпчилик янги қонун лойиҳасига қарши чиқиб, уни таклиф этган депутатлар ҳаракати ортида сиёсий сабаб борлиги, яъни улар сайловолди жараёнида овоз берувчилар эътиборини ўзига тортишга уринаётганини айтди.

Белгиянинг 10 миллион сонлик аҳолисининг 350 минггини асосан Туркия ва Шимолий Африкадан келган мусулмонлар ташкил этади. Мамлакатдаги мусулмон ташкилотлари депутатларларнинг дин рамзларини таъқиқловчи ташаббусига қарши чиқдилар. Уларнинг фикрини бир франциялик муслима қизнинг сўзлари билан ифодалаш мумкин:

- Секуляризм атеистга айланишни англатмайди. Секуляризм христиан ва яҳудийлар билан ёнма-ён яшашни, бағрикенгликни англатади.

Белгия қонунларига кўра, ўқувчилар мактабда киядиган форма мактаб раҳбарияти томонидан белгиланади. Айрим мактабларда рўмол ўраш таъқиқланганидан сўнг, мусулмон ўқувчиларнинг бошқа, хусусий мактабларга ўтганлари қайд этилди.

Европанинг бошқа мамлакатларида рўмол ўраш масаласидаги тажрибага келсак, масалан, Германиянинг 16 вилоятидан еттитасида мактабларда қизларга рўмол ўраш ман этилган.

Мусулмон мамлакатларида ҳам бу масалага турлича ёндашилади. Тунис ва Туркияда мактаб ўқувчиларининг ҳижоб кийишлари мумкин эмас.

Марокашда давлат идораларида хизмат қилувчи хотин-қизларнинг рўмол ўрашлари таъқиқланган.
XS
SM
MD
LG