Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

Оддий жиноятни уюшган жиноятчиликка айлантириш “санъати”


Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах шаҳри бўлими раиси Мели Қобиловнинг таъкидлашича, шаҳар ички ишлар бўлими терговчилари айбланувчилардан кўрсатма олишда мунтазам равишда қийноқлар қўллайди.

Мана шу қийноқлар асосида қўлга киритилган кўрсатмалар асосида кейинчалик айбланувчилар қамалиб кетади, дейди Мели Қобилов.

М.Қобилов ана шундай бир воқеани мисол тариқасида келтириб ўтди.

2003 йил 4 ноябрда Жиззах туманидаги касб-ҳунар коллежида видеопроектор ўқув асбоби ўғирланади. Ўғирликда гумон қилиниб, мазкур ўқув муассасасида электр устаси бўлиб ишловчи Алишер Усмонов, жиноятга шерик сифатида эса Шерзод Бобоқулов ҳибсга олинади. Дастлабки тергов натижаси ўлароқ, улар айбдор деб топилади ва иш судга оширилади. Суд улардан бирини олти йил, иккинчисини 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилади.

Бироқ жазоланганларнинг ҳар иккиси ҳам ҳукм ноҳақ экани ва тергов жараёнида ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганини билдириб, суддан ишни қайта кўришни талаб қилмоқда.

Асосий айбдор деб топилган Алишер Усмонов ҳақиқатдан ҳам ўғирликни содир этгани, аммо бу терговчилар таъкидлаётганидек уюшган жиноят эмаслигини билдирмоқда. Унинг айтишича, Ш.Бобоқулов содир этилган жиноятдан бехабар ҳолда асбобни сотиб олган, холос.

“Тергов жараёнида терговчи вазиятни бутунлай ўзгартириб, бизни уюшган жиноятчиликда айблашга ҳаракат қилди ва бунинг учун қийноқлар қўллади”, дейди у.

Ҳозирда Ховос қамоқхонасида сақланаётган А.Усмоновнинг айтишича, терговчи уни икки кун мобайнида оч қолдириб, жиноят шерикчиликда амалга оширилгани ҳақида кўрсатма олган.

Жиноятга шерик сифатида айбланган Ш.Бобоқулов эса тегишли кўрсатмани олиш учун терговчи ўзини калтаклагани ва ҳақоратлаганини айтади. Шерзоднинг сўзларига қараганда, терговчи уни роса калтаклаган, оёғига тан жароҳати етказган. Ечинтириб, ўзи айтганини ёзиб бермаса, шарманда қилишини билдирган.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси тергов ва суриштирув ишлари назорат бўлимига мурожаат қилганида мазкур иш юзасидан ўтган тергов жараёнида қийноқ қўлланилгани рад этилди. Бўлим ходимларидан бирининг айтишича, суд тиббий экспертизаси айбланувчилардаги жароҳатлар калтаклашга хос эмаслиги ҳақида хулоса берган. Икки кун мобайнида оч қолдирилганлик ҳақидаги ваъж ҳам ота-оналари ва айбланувчиларнинг ўзларидан олинган тушунтириш хатлари билан инкор қилинган.

Бироқ Ш.Бобоқуловнинг ҳимоячиси Мели Қобилов терговнинг дастлабки кунлариданоқ қийноқлар қўлланилганини таъкидламоқда. Унинг билдиришича, айнан шунинг учун унга тергов жараёнида қонунга зид равишда ҳимоясидаги шахс билан учрашишга йўл қўйилмаган. У бунга эришгунча эса айбланувчилар Ховос қамоқхонасига жўнатиб юборилган.

Шу ўринда ўқув биносида ишлаётган ходим томонидан қиймати 600 АҚШ долларига тенг бўлган техниканинг ўғирланиши каби содда таркибдаги жиноятни уюшган жиноятчиликка айлантиришдан мақсад не эди, деган савол туғилади.

М.Қобиловнинг билдиришича, одатда тергов маҳкамалари дастлабки тергов натижаларини ўзгартирмасликка ҳаракат қилади ва суд ҳам шу йўриқ асосида ҳукм чиқаради. Бунинг сабаби суд, тергов ва прокуратуранинг коррупциялашганидир. Улар айбланувчиларга қўшимча айблар юклаш ва шу орқали тазйиқ ўтказиб, каттароқ миқдорда пора ундириш пайида бўлади, деди М.Қобилов.

Ҳуқуқшунос Ғиёс Намозовнинг таъкидлашича, айбланувчига имкон қадар кўп ва оғир моддалар қўйиш Ўзбекистондаги тергов органларида шаклланган амалиётдир. Айниқса, айбдорнинг иқрорлик кўрсатмасига эришиш терговчининг профессионаллигидан далолат сифатида қабул қилинади. Ортиқча ва асоссиз айбловлар қўйгани учун суд-ҳуқуқ тизими вакилларига жазо берилмас экан, дейди у, тергов жараёнидаги бундан ҳолатлар давом этаверади.

Ғ.Намозовнинг фикрича, А.Усмонов ва Ш.Бобоқулов ишига доир тергов жараёнида оддий жиноятнинг уюшган жиноятчиликка айлантирилганидан мақсад аслида моддий манфаатдорлик бўлган. Бироқ ишга кутилмаганда нодавлат ташкилот вакили (М.Қобилов) ҳимоячи сифатида аралашгани терговчиларнинг мақсадини чиппакка чиқарган. Пора олингандан сўнг яна қайтиб оддий жиноят айланиши керак бўлган уюшган жиноятчилик шу тариқа ўзгармай қолаверган.
XS
SM
MD
LG