Линклар

МОСКВАНИНГ ИНГУШЕТИЯДАГИ БОШ ОҒРИҒИ

  • Сарвар Усмон

1999 йилнинг октябрида Кремл Чеченистонда Иккинчи урушни бошлаганидан кейин, минглаб чеченлар жон сақлаш мақсадида, қўшни Ингушетияга қочиб ўтган эди. Яқинда Чеченистон маъмурияти қочқинларга ўз уйларига қайтишни ёки бошқа жойдан бошпана топишни буюрди. Кремл сиёсатини қўллаб-қувватлаётган Чеченистон ҳукумати қочқинлар лагерларини шу йил мартида ёпишни режалаштирмоқда. Бироқ, қочқинларнинг аксарияти ватанга қайтишдан қўрқмоқда.

Қочқинлар кўрсатилган муддатда лагерларни тарк эта олмасликларини, Чеченистонда яшаш хавфсиз эмаслигини, уларнинг қайтиб борадиган жойлари йўқлигини, чунки уруш туфайли уй-жойлари вайрон бўлганини айтмоқдалар.

Турли манбаларда Ингушетиядаги қочқинлар сони турлича кўрсатилган. БМТ маълумотларига кўра, бу республикадаги учта лагерда тахминан 7 минг қочқин яшайди. Ингушетия бўйлаб бу лагерлардан ташқарида ҳам чечен қочқинлари бўлиб, уларнинг сони расман қайд этилган лагерлардагидан ҳам кўп. Бироқ, Чеченистоннинг Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, лагерларда тахминан 5 минг қочқин бор холос.

Қочқинлар лагерларида фаолият кўрсатаётган “Чеченистонлик қочқинлар кенгаши” нодавлат ташкилоти аъзоси Адхан Даудов Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда лагерларга Чеченистондан делегация келганини айтади:

- Делегация "Спутник" ва "Сатзита" лагерларига келди ва бизга лагерлар биринчи мартдан кейин ёпилишини айтишди. Улар лагерларнинг ҳаммасини ёпишни режалаштирганлар. Ҳамма ўз уйига қайтиши керак, дейишди, кўчишга ёрдам берилармиш, товон пули тўланармиш, - дейди Адхан Даудов.

Интефакс ахборот агентлигининг Чеченистон ҳукумати матбуот котиби Саид Дибиевга таяниб хабар қилишича, Ингушетиядаги лагерлардан Чеченистонга қайтган оилаларга 10 минг АҚШ долларига тенг миқдорда пул берилади. Россиянинг бошқа минтақасига кўчадиганлар эса, бу пулнинг ярмини олади.

Бироқ, шунга қарамай, қочқинлар Чеченистонга қайтмоқчи эмаслар. Улардан бири - Вера Даудова:

- Ҳокимият лагерларни ёпиб ташламоқчи. Бироқ, одамлардан ватанга қайтишни ҳохлайсизларми-йўқми, деб сўрамаяптилар. Жуда кўпчиликнинг Чеченистонга қайтиб боришни истамаётганлигини биламан. Одамлар қайтишга қўрқади, чунки хавфсизликлари таъминланган эмас. Уйингизга истаган пайтида истаган одам бостириб кириши мумкин, - дейди.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Шимолий Кавказдаги мухбири Дмитрий Александровдан олинган маълумотларга қараганда, расмийлар қочқинларни Чеченистонга қайтишга мажбур қилиш учун турли усулларни қўлламоқдалар.

- Чироқни, газни ўчириш, сувни тўхтатиш билан қочқинларга босим ўтказишаяпти. Бундан ташқари лагерда чодирма-чодир юриб текширув ўтказишади, агар текширув пайтида бирон киши ўз чодирида бўлмаса, масалан, у қўшнисиникига ё ҳожатхонага чиққан бўлиши мумкин, уни қочқинлар рўйхатидан дарҳол ўчириб ташлашади, - дейди Дмитрий Александров.

Рўйхатдан ўчирилган киши эса, давлат берадиган ёрдамни олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Александровга кўра, чечен қочқинлари лагерлари Чеченистон маъмурлари учун ҳам, расмий Москва учун ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. "Чунки, - дейди у, - қочқинлар лагерларидан бири Ингушетиянинг асосий автомобил йўли бўйида жойлашган. Халқаро ташкилотларнинг бу йўлдан тез-тез ўтиб турувчи вакиллари қишнинг қаҳратон совуғида ҳам брезент чодирда яшашга мажбур бўлаётган қочқинларнинг аянчли аҳволини кўрадилар. Шунинг учун ҳам, расмийлар лагерни тезроқ йўқотишга ҳаракат қилаяптилар. Лагер йўқ – демак, муаммо ҳам йўқ".
XS
SM
MD
LG